Депутат Токтаў МФЙда сайловчилар билан учрашди

117

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Алдамуратов Нукус туманидаги Токтаў маҳалла фуқаролар йиғинидаги маҳалла еттилиги билан учрашди.

Унда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлаш борасида давлат даражасида қаратилаётган эътибор, давлат дастурларининг мазмун-моҳияти, юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари, фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари, фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.

Халқ вакилининг тумандаги учрашуви 1-сонли умумтаълим мактабида давом этди.

Учрашувда депутат Б.Алдамуратов сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, янги қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритди. Шунингдек, мазкур таълим даргоҳида ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, ёшларимизнинг сифатли таълим олиши, уларнинг етук малакали кадрлар бўлиб етишишида педагог устозларнинг ҳам алоҳида меҳнати борлигини таъкидлади.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ушбу таълим муассасасида 986 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Қувонарлиси, мактаб жамоаси, ўқувчилар ҳам спорт мусобақаларида, айниқса, «Қувноқ стартлар» спорт ўйинида бир неча маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлганлиги таҳсинга лойиқ.

Депутатнинг кейинги манзили туман ҳудудидаги 2018 йилдан буён «Қуёшда қуритилган экологик тоза органик помидор ишлаб чиқариш ва экспортини кенгайтириш» лойиҳасини амалга ошираётган «Биогумус» фермер хўжалиги бўлди.

Бугунги кунда фермер хўжалигида 60 гектар майдонда Италиянинг «Сан-Марсано» помидор нави етиштирилмоқда. Йилига 1,2 минг тонна маҳсулот олинади ва 110 тонна қайта ишланган (қуруқ) органик помидор маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Ушбу помидор нави қуритиш учун мўлжалланган бўлиб, Италиядан импорт қилинади ва органик ўғитлар билан бойитилган ерларда етиштирилади. Бундан ташқари, ушбу нав Оролбўйининг қуруқ ва иссиқ иқлим шароитида етиштириш учун қулай ҳисобланади. Фермер хўжалиги томонидан қайта ишланган помидор маҳсулотлари Ecocert organic стандарти ва ISO 22000:2018 халқаро сифат сертификатларига эга. Айни пайтда қуритилган органик помидор маҳсулотлари Италия ва Франция давлатларига ҳар бир килограмми 5,5-6,2 доллардан экспорт қилинмоқда.

Мулоқот давомида депутат фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишар экан, тадбиркорнинг истиқболдаги режа ва мақсадлари, фикр-мулоҳазаларини тинглади.


Депутатнинг учрашувлари жойларда давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги