Саудия Арабистонида аттракцион қулаб тушди

Кеча Саудия Арабистони ғарбидаги машҳур тоғли курорт шаҳар – Таифнинг “Green mountain park” боғида ичида ўнлаб одамлар бўлган аттракционнинг таянчи синиб кетган.
“Gulf news”нинг ёзишича, бахтсиз воқеа оқибатида камида 23 киши, жумладан, бир неча аёллар жароҳатланган, ҳозирда уларнинг уч нафари оғир аҳволда.

Мамлакат фавқулодда хизмат ходимлари ва тез тиббий ёрдам шифокорлари дарҳол воқеа жойига етиб келиб, жароҳатланганларни яқин атрофдаги касалхоналарга ётқизишди.
Саудия Арабистони расмийлари тергов ишлари якунлангунга қадар кўнгилочар боғни зудлик билан ёпишни буюрди.
Расмийларнинг таъкидлашича, шаҳар ҳокимияти ва хавфсизлик хизматларининг терговчилари носозлик сабабини, паркнинг талаб қилинадиган хавфсизлик стандартлари ҳамда техник қоидаларига мос келишини аниқлаш учун кенг кўламли суриштирув очган.
Ў.Алимов, ЎзА