Микропластик хавфи: сувда, тупроқда ва ҳатто қонимизда
Дунёда пластик маҳсулотлар ишлаб чиқариш рекорд даражада ортиб бораётгани олимлар ва халқаро ташкилотларни ташвишга солмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) маълумотларига кўра, 2021 йилда 400 миллион тоннадан ортиқ пластик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2000 йиллар бошига нисбатан икки баравар кўп. Агар вазият ўзгармаса, 2060 йилга бориб пластик маҳсулотларга бўлган талаб уч бараварга ошиши мумкин.

Мутахассислар огоҳлантиришича, фақат қайта ишлаш орқали айни муаммони ечиб бўлмайди. Ҳисоботлар чиқиндиларнинг атиги 9 фоизи қайта ишланиши, 19 фоизи ёқиб юборилиши, қолган қисми эса табиатга ташланишини маълум қилди.
Тадқиқотларга кўра, пластмассанинг парчаланишига 20 йилдан 500 йилгача вақт кетади, аммо у микропластик шаклида тупроқ, сув ва ҳатто инсон танасига сингийди. Қизиқ жиҳати, олимлар уни ичимлик сувида, она сутида ва ҳатто қон намуналарида аниқлаган.

Европа Иттифоқи сўнгги йилларда бир марталик пластмасса маҳсулотларини тақиқлаш, ортиқча қадоқлашни камайтириш ва чеклов қўйиш бўйича қатор чораларни амалга оширди. Шунингдек, биоасосли ва парчаланадиган пластик альтернативларни ишлаб чиқишга катта маблағ йўналтирмоқда. Мақсад – 2030 йилгача бозордаги барча қадоқларни 100% қайта ишланадиган ёки қайта фойдаланиладиган қилиш.

Бундан ташқари, ҳозирда пластик ифлосланишга қарши мажбурий халқаро шартнома бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бунда икки ёндашув шаклланган: бири пластмассанинг бутун ҳаёт циклини қамраб оладиган кенг қамровли келишувни талаб қилса, кейингиси баъзи давлатлар эътиборни чиқиндини бошқариш ва қайта ишлашга қаратмоқда.
Экспертлар фикрича, экологик муаммони ҳал қилиш учун пластик истеъмолини камайтириш энг муҳим қадамдир. Женевадаги музокаралар бу борадаги глобал келишув сари муҳим минбар бўлиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА