Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтираётган Зулфия

112

Бугун юртимизда тадбиркорлар учун яратиб берилаётган имкониятлардан ўринли фойдаланган Зулфия Қурбонбоева тез орада «Аёллар дафтари»дан чиқишга эришади. У ўзи яшаётган Нукус тумани «Арбаши» ҚФЙда ҳоким ёрдамчисининг ёрдами билан имтиёзли кредит олиб, нон ва қандолат маҳсулотлари цехини очиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлайди. Яъни, ўзи очган цехда ўз қаторидаги ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаб, нон турлари билан бирга қандолат маҳсулотларини пишириб, тайёрлаб харидорлар кўнглидан жой олмоқда.

-2024 йилда имтиёзли кредит олиб иш бошлаган бўлсам, ҳозир анча ютуқларга эришдим. Нон турларидан нон, буханка, патир, шунингдек, сомса ва турли қандолат маҳсулотларини пишириб, савдо нуқталарига буюртма асосида чиқармоқдамиз. Харидорларнинг ҳам талаби яхши. Илгари ишсиз ўтирган вақтимда қандай бўлар экан деб ўйлаб юрар эдим. Мана энди, «Кўз қўрқоқ, қўл ботир,» деганларидек, таваккалчилик билан бошлаган ишларим яхши йўлга тушиб кетди. Сабаби, мамлакатимизда Президентимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали солиқларни тўлашда бир қанча енгилликлар берилмоқда. Шунинг учун ҳам ишсизман деб, кўнглини чўктириб, бекор ўтирган хотин-қизларга айтарим, ҳеч иккиланмасдан яратилган имкониятлардан ўринли фойдаланиб, тадбиркорлик ишларини бошлашни маслаҳат берган бўлар эдим, – дейди Зулфия Қурбонбоева.

У ўз бизнесини такомиллаштириш учун билим ва кўникмаларини ошириб, ўқув курсида билим олиб, сертификатга эга бўлди. Тажрибали тадбиркорларнинг иш юритиш тартибини ўрганиб, улардан олган маслаҳатлари айни пайтда фаолиятида ўз самарасини бермоқда. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаса-да, ўзининг чаққонлиги билан «Етакчи аёллар клуби» сардори бўлишга эришган у келгусида иш кўламини кенгайтириб, янада бўш иш ўринлари яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги