Мақсадларимиз муштараклиги, дўстлик ва ҳамжиҳатлик – тараққиётимиз асоси бўлмоқда

30 июль – Халқлар дўстлиги куни
ОҒИЗБИРЧИЛИК
Энг яқин дўстингиз билан суҳбатларда ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Эркин, самимий, хотиржам, борингизни айтасиз, борлиғингиз билан эшитасиз. Биз ҳам шундаймиз. Тўламиз, тошамиз, дардлашганда вужудимиз енгил тортади, ютуқларимизни бўлишганда шодликларимиз ортади. Гоҳ бир-бировга навбат бермаймиз, гоҳ бир-бировни тинглаб тўймаймиз. Мақоллар, маталлар, ташбеҳлар келтирамиз. Узоқ-узоқ суҳбатлар қурамиз. Аммо иккимиз икки тилда – биримиз ўзбек, биримиз қорақалпоқча гапираётганимиз хаёлимизга ҳам келмайди. Ҳар ким ўз она тилида гапиради, лекин ҳамма бир-бирини тушунади. Юртимизда бундай ҳудудлар кўп.
***
Мен туғилиб ўсган Тўрткўл туманидаги Оқбошли қишлоғи аҳолисининг ярми ўзбек, ярми туркман. Болалигимизда биз ҳар доим юзининг ярмини ёпиб юрадиган туркман келинларига “гележе” деб мурожаат қилардик. Бу янга, келинойи дегани. Мактабда гарчи ўзбек синфда бўлсакда, илк ҳарфни ўргатган, бошланғич синф ўқитувчимиз ҳам туркман миллатига мансуб Сапармуҳаммад Жумагулиев эди. Ўтказиладиган адабиёт, санъат байрамларида куй-қўшиқлар, шеърларни икки тилда бир хил ижро қилиб кетаверардик. Юртимизда бундай таълим даргоҳлари ҳозир ҳам кам эмас.
***
Анча кичкина эдик. Тўй-маъракаларда, баъзида шунчаки ҳам уйимиз гавжум бўлиб кетарди. Бобомнинг укалари, амаки боболаримиз оиласи, фарзандлари билан тез-тез меҳмон бўлишар, суҳбатларида бирга ўтган болаликларини кўп эслашарди. Биз уларга ота деб мурожаат қилардик.
Роман отамизнинг бозорда кичкинагина растаси бўлиб, қуруқ мева сотарди, Худойберди отамиз чўпон эди. Яйловда қўй боқарди, ўтови ҳам бор эди. Эрмохон отамиз шаҳарда яшарди. Фарзандлари Қозоғистондаги институтларда ўқирди. Биз бобом билан шаҳарга тушсак, албатта, унинг уйига борардик. Меҳмон бўлардик. Кейин Роман отамизни йўқлаб бозорга ўтардик. Бобом иккаласининг гаплари ҳеч тугамас, бу вақтда мен раста устидаги чақ-чуқларнинг анча баракасини қочирардим. Гоҳида яйловга кетардик, Худойберди отамиз бизни барра гўшт билан сийларди.
Хуллас, улар билан қозони бўлак, ташвиши бир оила эдик. Улар бобомни “оға” дейишарди. Токи, барчаси бу дунёдан ўтиб кетгунича шундай бўлди. Энди эсласам, уларнинг шевалари бизникидан фарқ қиларди. Уйларига борганимизда ҳам аёлларни бошқа миллий кийимларда кўрардик. Қисқаси, биз ёшимиз улғайгунича Роман отамиз тожик, Эрмохон отамиз қозоқ, Худойберди отамиз туркман эканлигини ва улар бобом билан туғишган ака-ука эмаслигини сезмабмиз ҳам.
Кейинчалик, онамнинг айтишича, бобомнинг отаси Олланазар бобо йўқчилик замонларида уларни ўз тарбиясига олиб вояга етказган экан. Ҳар қалай бобомнинг бир қозондан 36 ака-ука овқат ердик, деган гапларини ҳали-ҳануз эслайман. Тарихимизда бундай ҳолатлар ҳам кам эмас. Зеро, боланинг бегонаси бўлмайди, деган ибора жамиятимизда бугун пайдо бўлмаган. Уруш йиллари халқимиз миллати, дини, келиб чиқишига қарамай минглаб болаларни бағрига олганининг ўзи буни исботлайди.
***
Она заминимизда азалдан турли миллат вакиллари бир-бири билан дўст, қадрдон бўлиб, ҳамжиҳатликда яшаб келаётганини исботлайдиган, одамни ҳаяжонга соладиган, тўлқинлантирадиган, шунингдек, ғурур ва ифтихорга тўлдирадиган юқоридаги каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Турли миллатга мансуб бўлсаларда бир маҳаллада ўсиб, бир мактабда ўқиб, бир жамоада меҳнат қилиб туғишгандан зиёда бўлиб кетганлар қанча. Она тилида эмин-эркин мулоқот қилса, санъати, маданияти, қадриятлари, эътиқоди ва анъанларига садоқатини намоён эта олса, ўзини ҳеч кимдан кам ҳис қилмаса, ҳар қандай миллат вакили учун бундан ортиқ саодат борми?
Юртимизда эса ана шундай муҳит яратилган. Ўзбекистон дунё миқёсида бағрикенг юрт сифатида эътироф этилиши бежиз эмас. Ватанимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқда. 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам Мустақиллик байрамига бағишланган чора-тадбирларни амалга оширишда алоҳида эътибор қаратиладиган устувор йўналишлар белгилаб берилар экан, улардан бири сифатида кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятимиздаги тинчлик, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити – бизнинг бебаҳо бойлигимиз экани, уни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлиб қолиши зарурлиги кўрсатилди.
Алоҳида эътироф этиш лозимки, ҳар йили Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўтказиладиган фестиваллар, давра суҳбатлари, ижодий мулоқотлар, кўргазмалар, халқаро конференция ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар Мустақиллик байрами тантаналарига уланиб кетади. Бу эса “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган эзгу ғоя жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити, тинчлик ва осойишталикнинг амалий ифодасидир.
Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида бешта – қозоқ, туркман, рус, украин, корейс миллий-маданий марказлари мавжуд. Улар 2022 январда фойдаланишга топширилган, барча шароитларга эга “Дўстлик уйи”да фаолият юритади. Мазкур миллий-маданий марказлар давлат томонидан замонавий техник ускуналар, мусиқий асбоблар, мебель жиҳозлари, миллий либослар билан таъминланган.
Бу масканларда мунтазам равишда умуммиллий байрамлар, фестиваллар, концерт ва учрашувлар, таниқли маданият арбобларининг чиқишлари, семинар ва конференциялар ўтказилиб борилади.
Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида ҳам қорақалпоқ, қозоқ, туркман, қирғиз, бошқирд каби туркий халқлар ҳамда Қорақалпоғистон туманларининг ўтовлари ташкил этилган. Уларда қардош элларимиз тарихи, маданияти ва турмуш тарзи ўз ифодасини топган. Президентимиз ўтган йил 19-20 август кунлари мажмуага ташриф буюрганида “Бизнинг томиримиз, тақдиримиз бир. Мана шундай тадбирларни кўпайтириб, биргаликда фестиваллар ўтказиб, халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлаш керак. Миллий ҳунарларни асраб, ёш авлодга етказиш, бу бўйича шогирдлар тайёрлаш, болалар учун ўз она тилида китоблар чиқаришни кенгайтириш зарур” деган эди. Дарвоқе, мажмуадаги энг катта ўтовнинг диаметри 42, баландлиги 22 метр, шу боис ҳам Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
— Қорақалпоғистон Республикасида 300 мингга яқин қозоқ миллатига мансуб аҳоли яшайди, — дейди Қорақалпоғистондаги қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Асқар Умбетаев. — Дўстлик ҳафталигига катта тайёргарлик кўрдик. Асосий тадбирлар Нукус шаҳри, Элликқаъла ва Тахтакўпир туманларида ўтказилади. Бу тадбирларда Қорақалпоғистондаги барча миллий-маданий марказлар иштирок этади. Албатта, олийжаноб мақсад йўлида бир ҳафта давомида ўтказиладиган фестиваль тадбирлари халқимизни янада бирлаштиради, ҳамжиҳатлигимизни мустаҳкамлайди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, миллий маданиятлар, санъат ва қадриятларни нафақат сақлаш, балки кенг тарғиб қилиш ҳамда ривожлантиримиз учун юртимизда барча шароитлар яратилган. Мисол учун, қозоқ халқининг оқинчилик анъанаси тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Уни бугун ёшларимиз ҳам ўрганмоқда. Яқинда ёш оқинларимиз Қирғизистон ва Мўғилистонга бориб санъатини намойиш этиб қайтди.
Ҳозир Қорақалпоғистонда 150 дан ортиқ мактабда 20 мингдан зиёд фарзандларимиз қозоқ тилида таълим олади. Ҳар йили Ажиниёз номидаги Нукус давлат педогогика институтида 300 нафар, Қорақалпоқ давлат университетида 30 нафар кадр қозоқ мактаблари учун тайёрланади.
Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилмоқда, қардош тилли мактабларда ўқиётган ўқувчилар давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади, деб қатъий белгилаб қўйилган. Бугун юртимизда яшайдиган қардош халқлар нафақат ўз она тилида сўзлашади, балки ўқийди, ижод қилади, уни ривожлантиради ҳам.
Бугун диёримизнинг қайси гўшасига борманг, юртимизда умргузаронлик қилаётган турли миллат вакилларининг шўх-шодон куй-қўшиқлари янграётган тантаналарга гувоҳ бўласиз. Мамлакатимизда Халқлар дўстлиги кунининг кенг нишонланиши ҳам азалдан ардоғимизда бўлган дўстлик деб аталувчи муқаддас риштанинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Оғизбирчиликдан айирмасин, деган гап бор қорақалпоқда. Зеро, тараққиётимиз асоси бўлиб келаётган энг муҳим омил бу юртимиздаги турли миллат вакилларининг мақсадлари муштараклиги, дўстлиги, бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигидир.
Назира МАТЯҚУБОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги