Корея Миллий Ассамблеяси тадқиқот хизмати билан тажриба алмашилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Парламент тадқиқотлари институти ҳамда Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси тадқиқот хизмати (NARS) ўртасида янгиланган ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпўлатов икки мамлакат ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалар янада кенгайиб бораётгани, парламент дипломатияси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётганини қайд этди.

Учрашувда Корея Миллий Ассамблеяси тадқиқот хизмати директори Ли Кван Ху Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда барча соҳада олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар ва унинг натижаларини юқори баҳолади.

Тадбирда ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳужжат доирасида икки томонлама илмий-амалий конференциялар ўтказиш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, парламент фаолиятини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида тажриба алмашиш ва мутахассислар ўртасида мунтазам мулоқотни кучайтириш масалалари кўзда тутилган.
М.Комилова, ЎзА