Ўзбекистон томонидан Женевада глобал тинчлик ва ҳамкорликка оид ташаббуслар илгари сурилди

83

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлар раҳбарларининг 6-Бутунжаҳон конференциясида иштирок этди.

Конференция доирасида замонавий глобал таҳдидлар, ижтимоий беқарорлик, қуролли можаролар ва иқлим ўзгаришлари шароитида парламентлараро дипломатиянинг роли, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, тинчликни таъминлаш, адолатли бошқарув тамойилларини илгари суриш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда миллий парламентларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Т.Норбоева конференцияда чиқиш қилиб, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган демократик ислоҳотлар, парламент дипломатиясини ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар 150-юбилей ассамблеясининг натижалари юксак баҳоланди.

Жумладан, Ассамблея якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси ҳамда можароларни тинч йўл билан ҳал этиш ва барқарор тараққиётга ҳисса қўшиш масалаларига бағишланган икки муҳим резолюция глобал парламентлараро бирдамликнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этилди.

Конференция давомида Ўзбекистон вакили томонидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, можароларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишда парламентлар ролини кучайтириш, халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ низомига асосланган тинчлик ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

Ёш парламент аъзоларини қўллаб-қувватлаш доирасида 2026 йилда Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда Ёш парламент аъзоларининг 12-Глобал конференциясини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Сентябрь ойида Ўзбекистонда Камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро конференцияни ўтказиш режалаштирилаётгани, унга хорижий парламентлар, нодавлат ташкилотлари вакиллари ва экспертларни кенг жалб этиш кўзда тутилаётгани билдирилди.

Н.Абдураимова,

ЎзА