Шаҳарлардаги ариқ ва ирригация тизимларини ўзбошимчалик билан кўмиш жавобгарликка сабаб бўлади

Қонун лойиҳасига шарҳ
Атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаб, тозаликни сақлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Маълумотларга кўра, 2023 йилдан шу пайтгача Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан турли жойларга 395 та назорат камералари ўрнатилган. Экологик назорат тадбирларида бир қатор ҳуқуқбузарликлар аниқланмоқда. Хусусан, атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини нобуд қилиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаб кетиш каби ҳолатлар тез-тез учрамоқда. Бу эса шу каби ҳуқуқбузарликлар учун, атроф-табиатга зарар етказганлик учун жавобгарликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда атроф-муҳит ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди. Мазкур лойиҳа бўйича Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Хайрулло Ғаффоров қуйидагиларни қайд этди:

— Маълумки, янгиланган Конституциямизда ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаши мустаҳкамлаб қўйилди. Бу борада бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Аммо шунга қарамай, экология соҳасида қонунбузилиш ҳолатлари учраб тургани соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларга, Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳасида автоматик мониторинг станциялар маълумотларини ягона геоахборот маълумотлар базасига реал вақт режимида киритишни таъминлаш назарда тутилмоқда. Бу фуқароларнинг атроф-муҳит ҳақида ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Шунингдек, ўрмон фонди ерларини ноқонуний бериш ва улардан фойдаланиш ва бундай ерларда ноқонуний бино-иншоотлар ва иморатларни қуриш ҳамда аҳоли пунктлари ва шаҳар марказларида олдиндан мавжуд бўлган ариқлар, ирригация тизимларини ўзбошимчалик билан кўмиб ташлаш каби ҳуқуқбузарлик турлари бўйича жавобгарлик кучайтирилади. Дарахт ва буталарни кесишга қўйилган мораторий талабларини бузганлик учун ҳам жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига киритиш ва жазо санкцияларини кучайтириш назарда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, мазкур ҳужжатда белгиланаётган нормалар мамлакатимизда экологик вазиятни янада яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА