Германия ОАВ: Ўзбекистон вакиллари халқаро немис тили ўқитувчилари конгрессида иштирок этмоқда

77
Германиянинг етакчи www.deutschland.dewww.city-news.de электрон нашрларида ва Ташқи ишлар вазирлигининг  www.auswaertiges-amt.de сайтида Любек шаҳрида халқаро немис тили ўқитувчилар конгресси бўлиб ўтаётгани ҳақидаги мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолаларда ёзилишича, Германия Федерал Президенти ҳомийлигида ўтказилаётган мазкур халқаро конгрессда 100дан ортиқ мамлакатдан 2 минг 500га яқин олимлар, тадқиқотчи ва ўқитувчилар иштирок этмоқда. 28 июлдан 1 августга қадар давом этадиган йирик тадбирда юртимиз вакиллари ҳам иштирок этаяпти.

«Конгрессга тайёргарлик доирасида «Хорижда немис тили чет тили сифатида» қўлланмаси нашр этилди. Унда дунёдаги немис тилини ўрганиш билан боғлиқ маълумотлар таҳлил қилинган.

Эътиборлиси, қўлланмада чет тили энг кўп ўрганиладиган мамлакатлар орасида Ўзбекистон етакчилар сафида қайд этилган. 2023 йилда Германияда хориждан меҳнат мигрантларини жалб қилиш бўйича қонун қабул қилинганидан сўнг ёшлар ва катталар орасида немис тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ортган. Бугун Германия меҳнат миграцияси, мобиллик, олий ва касбий таълим бўйича энг жозибадор давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Германия ОАВга кўра, немис тилига бўлган талабнинг ошиши ўз навбатида, немис тили ўқитувчилари етишмовчилигини келтириб чиқараяпти. «Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Германия ҳукумати немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича халқаро стратегия ишлаб чиқишни кўзда тутмоқда», – дея урғуланган нашрларда.