Халқлар дўстлиги абадий бўлсин

99

Халқимиз қадим-қадимдан қўшни қардош халқлар билан сиёсий, маданий, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан яқин алоқада бўлиб, ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаб, қиз узатиб, келин туширган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида етим қолган бошқа миллат фарзандларини ўз фарзандидек бағрига босиб, уларнинг жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишига ўзларининг меҳр-мурувватини кўрсатган халқмиз.

Бугунги куни мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари аҳил-иноқ ҳаёт кечириб, халқ хўжалигининг барча соҳаларида самарали меҳнат қилмоқда. Улар Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, Республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги 30 июль санасини «Халқлар дўстлиги куни» сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги 672-сонли қарори асосида, Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Бу эса кўп миллатли юртимизда миллатлараро тотувликнинг янада мустаҳкамланиши, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига ҳуқуқий замин яратди.

Мамлакатимизнинг Бош Қомусида ҳам миллати, дини, тили, ирқий келиб чиқишидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаро тенг ҳуқуқли эканлиги белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган 157 та миллий-маданий марказ, 42 та дўстлик жамияти ва хориждаги 100 дан ортиқ ватандошларнинг жамоат бирлашмалари давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда, мамлакатимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигини мустаҳкамлаш, хорижий давлатлар билан маданий-маърифий алоқаларни, халқ дипломатиясини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кўплаб ижобий натижаларга эришмоқда.

Албатта, ўзларининг ҳалол меҳнати, Ватанпарварлик туйғулари билан республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшиб келаётган турли миллатга мансуб юртдошларимиз билан фахрланамиз. Улар ҳар бир соҳада турли масъулиятли лавозимларда хизмат қилиб, фидокорона меҳнатлари учун Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлмоқда. Бу инсонлар орасида депутат ва сенаторлар, таниқли ишлаб чиқариш вакиллари, тадбиркорлар, таълим, тиббиёт, фан, маданият, адабиёт, санъат ва спорт намояндалари борлигини барчамиз яхши биламиз.

Партиямизга аъзо бўлган турли миллат вакиллари Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва туман Кенгашларига депутат бўлиб сайланиб келмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги байрам билан барча юртдошларимизни чин қалбимиздан табриклаймиз. Ҳар бир хонадонга қут-барака ва мустаҳкам ҳамжиҳатлик тилаймиз. Илоҳим дўстлигимиз абадий бўлсин!

Нурлибой Қайипберганов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.