Самарқанд шаҳрининг ёши 3000 йил деб қайта баҳоланади

77

Самарқандда амалга оширилган археологик қазишмалар натижасида мазкур қадимий шаҳарнинг ёши 3000 йил деб қайта баҳоланади, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

ЎзА маълумотига кўра, бу ҳақида Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг кеча ўтказилган навбатдаги сессиясида қарор қабул қилинди. Ўзбек-француз олимлари қўшма экспедиция аъзолари Кўктепе ва Афрасиёбдаги топилмаларни қайта таҳлил қилиб, шундай хулосага келишди.

Cамарқанд Археология институти директори Мўминхон Саидовнинг айтишича, Самарқанднинг қадимий ўрни ва ёшини ўрганиш 150 йилдан ортиқ вақтдан буён давом этиб, шаҳар дастлаб бундан 1500 йил олдин, кейинчалик 2000 йил, 1970 йилда 2500 йил олдин шаклланганлиги борасида хулосаларга келинган. 2000 йилларда эса Ўзбекистон – Франция қўшма экспедицияси янги маълумотларни аниқлади ва Самарқанд ёши 2750 йил деб тасдиқлади. Лекин бу ҳам якуний хулоса эмас ва шунинг учун шаҳарнинг хронологияси бўйича тадқиқотлар кейинги йилларда ҳам давом этиб келмоқда.

Хусусан, жорий йилдаги қазишма маълумотлари Самарқанд шаҳридан 25 километр узоқликдаги Кўктепа ёдгорлигида 1993-2006 йилларда олиб борилган қазишма ишларининг таҳлили асосида мутахассислар томонидан янги қарашлар шаклланишига туртки берди.

Ўзбекистон – Франция қўшма экспедицияси аъзолари шу вақтга қадар Кўктепа ва Афросиёбда топилган материалларни қайта таҳлил қилиш орқали Самарқанд шаҳрининг шаклланиш даври 3000 йилга тенг эканлиги борасида фикр илгари сурилмоқда. Қайд қилинишича, милоддан аввалги I минг йиллик бошларида, яъни бундан 3000 минг йил олдин бу ерда шаҳар ҳокими қароргоҳи ва ибодатхонани ўз ичига олган йирик шаҳар шаклланган. Бу ҳолат «Авесто»да тилга олинган «Гава Суғуда» ва «Суғуд» тушунчалари билан уйғунлашади. Унда «Гава Суғуда» деҳқончилик ҳудудини, «Суғуд» эса маъмурий марказни англатган. Ушбу марказ айнан Кўктепа бўлганлиги таъкидланади. Милоддан аввалги VII-VI асрларга келиб Суғднинг маркази ҳозирги Афросиёб тепалиги ўрнига кўчади. Шу йилнинг март ойида Афросиёб ёдгорлигининг бир неча нуқтасида жумладан, арк ва шаҳристон қисмида, яъни мудофаа девори яқинида кенг кўламдаги қазув ишлари олиб борилди.

7 метрдан зиёд чуқурликда милоддан аввалги VII-IV асрларга мансуб мураккаб мудофаа тизими очиб ўрганилди. Иккита қазишмада аниқланган археоботаник ва археозоологик топилмалар таҳлил учун Франция, Германия ва Япония лабораторияларига жўнатилди. Ҳозирги вақтда уларнинг таҳлили амалга ошмоқда. Шу пайтгача тўпланган илмий маълумотлар тегишли идоралар, жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси, Маданий мерос агентлиги қошидаги илмий кенгашга жўнатилиб, уларнинг ижобий хулосалари олинди.