Узоқ қишлоқдаги биринчи боғча

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, ҳудудларда, айниқса, маҳаллаларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва тадбиркорлар учун қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида жойларда қатор йирик қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Мўйноқ туманидаги Қизилжар овул фуқаролар йиғини ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги «2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида янги болалар боғчаси қурилиши бошлаб юборилди.
Қурилиш ишлари «Саўир» МЧЖ томонидан олиб борилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,7 миллиард сўмни ташкил этади.
Айни пайтда бинонинг биринчи қаватида бетонлаш, тўшама ишлари якунланиб, иккинчи қавати тўшама ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, «Қизил жар» маҳалласида илгари бирорта ҳам боғча бўлмаган. Ушбу янги бино маҳалла аҳли учун кўп йиллардан буён орзу бўлиб келган муҳим ижтимоий иншоотдир.
Дарҳақиқат, ушбу лойиҳа олис қишлоқдаги оналар учун қулайликлар яратиш, фарзандларини эрта тарбияга жалб этиш, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.