Саломатлик марафони дўстлик тадбирига айланиб кетди

Республикамизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари ҳамжиҳатлик билан ҳаёт кечириб, мамлакатимизнинг барча соҳаларида тенг ҳуқуқларда самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, Республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишда муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги 30 июль санасини «Халқлар дўстлиги куни» сифатида кенг миқёсда белгилаш тўғрисидаги 672-сонли қарори асосида, Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Бу эса кўп миллатли юртимизда миллатлараро тотувликнинг янада мустаҳкамланиши, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига ҳуқуқий замин яратди.

Шу муносабат билан юртимизда ушбу кунни кенг нишонлаш бўйича турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик фракцияси аъзоси Рўзибийке Айтбоева ташаббуси билан Беруний туманида ташкил этилди.

Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган «Саломатлик учун 5000 қадам» соғломлаштириш марафонида, пиёда юришнинг фойдали жиҳатлари бўйича партия фаолларидан тушунчалар олиб, эрталабки бадантарбия машғулотларида фаол иштирок этганлар ўзларининг саломатлигига бефарқ эмаслигини кўрсатди ва бундай ташаббуслар жамиятимизда қизғин қўллаб-қувватланишини билдирди.
Хуллас, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи марафон, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи тадбирга айланиб кетди.

«Адолат» социал-демократик партияси томонидан бундай ижобий ташаббуслар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.