Халқлар дўстлиги куни кўтаринки руҳда нишонланди

120

Дўстлик ва ҳамжиҳатлик қадриятлари устувор ҳисобланган юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, шунингдек, 16 та диний конфессия вакиллари тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқда. Улар ўртасидаги миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.


Айни пайтда мамлакатимизда 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият юритиб, турли миллат вакиллари ўз миллий урф-одатлари, анъанавий маданияти ва тилларини асраб-авайлаш, ривожлантириш имкониятига эга бўлмоқда. Ўқув-тарбия жараёнлари эса ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилиб, давлат ҳисобидан зарур дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.
Миллий маданий марказларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида давлат томонидан замонавий техника воситалари, мусиқа асбоблари, мебеллар ва миллий либослар билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, марказларнинг самарали фаолияти учун замонавий бинолар ажратилиб, уларда умуммиллий байрамлар, фестиваллар, концертлар, семинар ва конференциялар мунтазам ўтказиб келинмоқда.


Бу каби ислоҳотлар самараси сифатида «Ўзбекистон – умумий уйимиз» деган эзгу ғоя барча миллий маданий марказлар фаолиятининг шиорига айланди. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг ёрқин ифодасидир.
Мана шундай эзгу мақсадлар рўёбини кўзлаб, ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни мамлакатимизда кенг нишонланиб келинмоқда. Бу йилги байрам тадбирлари ҳам жуда кўтаринки ва самимий руҳда ўтди.


Хусусан, Нукус шаҳрида ташкил этилган «Дўстлик фестивали» барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Фестиваль доирасида миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари ва адабиётлар кўргазмаси, шунингдек, маҳаллий саноат корхоналари, кластерлар ва фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиши ўтказилди.
Тантанали тадбирда Нукус шаҳар ҳокими А.Данияров сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, айниқса Қорақалпоғистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.


Кеча давомида юртимизга таниқли маданият ва санъат намояндалари томонидан она Ватан, унинг мустақиллиги ва халқлар дўстлигини тараннум этувчи концерт дастури намойиш этилди.


Бундай маданий-маърифий тадбирлар айни пайтда юртимиз бўйлаб давом этмоқда. Улар халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари