Боғ элнинг ризқи, дастурхонимиз кўрки

112

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими томонидан мева-узумчиликка ихтисослашган хўжаликларнинг бугунги кунда олиб бораётган ишлари билан яқиндан таништириш мақсадида, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Амударё ва Элликқалъа туманларига пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Амударё тумани Шайкўл овул фуқаролар йиғинидаги «Аму анорлари,» «Mang‘it омад савдо,» «Аму тўлқин балиғи» масъулияти чекланган жамиятларининг экин майдонларида бўлиб, бу ерлардаги амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

– Амударё туманида боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган 61 та қишлоқ хўжалиги корхонаси мавжуд бўлиб, уларда 1046 гектар майдонда мевали боғлар мавжуд, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Амударё тумани лойиҳа офиси бош мутахассиси Юнусбек Отажонов. Хусусан, жорий йил баҳор мавсумининг ўзида фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 76 гектар ерда интенсив боғ ташкил этилди.

Туманда боғдорчилик соҳасига қизиқувчилар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Ёшлар агентлиги ва туман агросаноатни ривожлантириш агентлиги мутахассислари томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари ташкил этган боғларда ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар йўлга қўйилган.

– Фарғоналик курсдош дўстларимнинг маслаҳати билан ҳовли томорқамнинг 30 сотих ерига анор кўчатларини экиб, уларни парваришлаётган эдим, – дейди «Аму анорлари» масъулияти чекланган жамияти раиси Пўлат Абдураҳмонов. – Менинг бу қилаётган ишимни кўриб юрган ўша пайтдаги туман ҳокими Султонбек Йўлдошев менга Шайкўл овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 8 гектар ердаги унумдорлиги паст боғ ўрнига анор экишни таклиф қилди. 2020 йилда ушбу жамиятни ташкил этиб, 8 гектар ерни экишга тайёрлаб, унга анор кўчатларини экдим ва ўтган йили улар ўз мевасини берди. Натижаси ёмон эмас, етиштирган маҳсулотларимизни Манғит ва Нукус деҳқон бозорларидан харидорлар келиб олиб кетмоқда. Боғимизнинг меваси ўтган йилгидан яхши, бу йил ўтган йилгидан кўпроқ ҳосил оламизми деган ўйимиз бор.

– 2019 йилда 12 гектар ерга узумнинг тайфи навини экиб, уларни агротехник қоидаларга мос парвариш қилганимиз натижасида, йилига мўлжалдагидек ҳосил етиштириб келмоқдамиз, – дейди «Манғит омад савдо» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азимжон Жумамуратов.-Ўтган йили бу узумзордан 180 тонна ҳосил олиб, шундан 140 тоннасини чет элларга экспорт қилдик. Узумларимиз август ойида тўлиқ пишиб, терим ишларини бошлаймиз.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Элликқалъа туманидаги «Отахон Рейимов» кўп тармоқли фермер хўжалигида бўлди.

8 гектар экин майдонига эга ушбу фермер хўжалиги нафақат боғдорчилик, балки чорвачилик билан ҳам шуғулланади.

– 2012 йилда 3 гектар ерга узум, 3 гектар ерга олма, нок, шафтоли, ўрик, олхўри дарахтлари кўчатларини экиб, улардан мўл ҳосил олиб келмоқдамиз, – дейди хўжалик раҳбари Атахан Рейимбаев. Келгусида янги мева ва узум кўчатларини экиб, чорва моллари бош сонини кўпайтириш ва халқимизни сифатли сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашни мақсад қилганмиз.

Албатта, ҳудудларда олиб борилаётган бундай эзгу ишлар, халқимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлабгина қолмай, қишлоқларда янги иш ўринларининг очилишига сабаб бўлади. Бу борадаги ижобий ишлар бугунги кунда бутун республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.

М. Ҳабибуллаевнинг олган расмлари.