Очиқ мулоқотлар давом этмоқда

Мамлакатимизда аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, турли соҳаларда юзага келаётган муаммоларни жойларда ўрганиб, уларни тезкор ҳал этишга қаратилган ишлар тобора кучайиб бормоқда. Ҳарбий хизматни ўтаётган шахслар ва уларнинг яқинларига ижтимоий кўмак бериш, бандлик масаласида амалий ёндошув муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу мақсадда Нукус ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Беруний туманида жойлашган «Ахборот-кутубхона маркази»нинг мажлислар залида оммавий сайёр қабул ҳамда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ушбу тадбирда Беруний тумани Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа ишлари бўлимларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда маҳаллий фуқаролар иштирок этди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Қабул жараёнида жами 16 та мурожаат қайд этилди. Уларнинг 11 таси шу ернинг ўзида ҳал этилди, 4 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қолган 1 та масала эса мутасадди ташкилотларга юборилди.

Меҳнат ярмаркасида эса 80 дан ортиқ бўш иш ўринлари иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Натижада, 3 нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи ўз мутахассислиги бўйича ишга йўлланма олди ва уларнинг бандлиги таъминланди.
Бундай тадбирлар орқали фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, ҳуқуқий кўмак кўрсатиш ва иш билан таъминлаш каби муҳим мақсадлар рўёбга чиқарилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги