Замон билан ҳамнафас касблар

133

Замонавий дунё ўзгарувчанлиги ва тезкорлиги билан ажралиб туради. Ҳар бир соҳадаги инновациялар, технологик ютуқлар ва ижтимоий эҳтиёжлар натижасида меҳнат бозори кескин янгиланмоқда. Ҳозирги даврда замонавий касблар жамиятнинг барча қатламларига чуқур таъсир кўрсатаётганини инкор этиб бўлмайди. Бу касблар фақатгина пул топиш воситаси эмас, балки шахсий салоҳиятни рўёбга чиқариш, жамиятда ижтимоий ўзгаришлар қилиш ва глобал муаммоларга ечим топиш воситасига айланган. Энди мутахассисликлар нафақат бозор талаби, балки ижтимоий онг билан ҳам ўзаро чамбарчас ҳолда шаклланмоқда.

Замонавий касбларнинг вужудга келишига бир нечта кучли омиллар сабаб бўлди.

Янги технологияларнинг пайдо бўлиши натижасида одамларнинг ишлаш, яшаш ва ўзаро мулоқот қилиш тарзи кескин ўзгарди. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва кундалик ҳаётга сунъий интеллект, автоматлаштириш, интернет, мобиль қурилмалар, рақамли тизимлар, робототехника каби янги технологияларнинг жорий қилингани яшаш тарзини ҳам буткул ўзгартириб юбормоқда. Қолаверса, ушбу тизим мутахассислари меҳнат бозорида жуда талабгир.

Иш ва офис тушунчалари ҳам ўзгарди. Одамлар ўзига мос иш услубини танлай бошлади. Бундан ташқари, ҳозирги замонавий касблар орқали фрилансерлик иш услуби янада ривожланди. Яъни, инсон кунни фақатгина бир ишда ўтказмайди ва бир неча ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаши мумкин.

Ҳозир замонавий касбларни ўрганиш давомийлиги ҳам қисқа муддатни ташкил этади. Инсонда қунт ва ҳаракат бўлса, ушбу касбларни 6-12 ой давомида ўрганиб, анчагина даромад қила олади.

SMM (Social Мediа Маrketing) менежерларини ҳозирги даврнинг ижтимоий коммуникация муҳандислари дейиш мумкин. Улар ташкилот, бренд ёки шахс имижини оммага қандай кўринишда етказишни стратегик режалаштиради. SMM мутахассислари маркетинг ва PR соҳаларига янги нафас олиб кириб, турли давлат идоралари, хусусий компаниялар ва ижтимоий лойиҳалар учун ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Улар орқали сиёсий, экологик ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ахборотлар тез, замонавий ва жонли тарзда етказилади.

Таргетолог – ижтимоий тармоқларда аниқ аудиторияни топиб, уларга реклама кўрсатадиган мутахассис. Улар маҳсулотни тўғри аудиторияга аниқ алгоритм орқали етказиб, савдо самарадорлигини оширади.

Биргина фейсбук ёки инстаграм рекламалари орқали тўғри кўзланган аудиторияга мурожаат қилган брендларнинг савдоси ўртача 27 фоизга ошгани аниқланган. Бу касб вакиллари – кўзга кўринмас, аммо ҳар бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг қарорига таъсир этаётган “сўзсиз савдогарлар”дир.

Мобилография – бу смартфонлар орқали профессионал даражада видео ва фото контент яратиш усули. Айниқса реклама, мусиқий клиплар, қисқа метражли ҳужжатли фильмлар ва ТикТок, инстаграм рилс контентлари учун мобилографлар хизматига эҳтиёж кескин ошди. Мобилография бугун нафақат ижодий соҳа, балки бизнес, туризм, таълим ва тиббиётда ҳам кенг қўлланилмоқда. Оддий телефон камераси орқали профессионал визуал контент яратиш имконияти янги авлод ижодкорларини шакллантирди.

Мобилографлар жамиятнинг эстетик тафаккурини шакллантиради, воқеликни “жонли” кўрсатади ва ахборотни самарали етказади. Улар замонавий маркетинг, брендинг ва ижтимоий тармоқларда “визуал ҳикоя” воситасига айланган.

Уларнинг иш фаолияти нафақат иқтисодиётга, балки таълим, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви, ҳатто санъат соҳаларига ҳам чуқур таъсир кўрсатмоқда.

IT мутахассислари – бу дастурчилар, веб-сайт ишлаб чиқувчилар, тизим администраторлари, маълумотлар таҳлилчилари. Улар бугунги жамиятни рақамли асосда бошқарадиган асосий кучдир.

Технология, ижодкорлик ва ижтимоий масъулиятни ўзида бирлаштирган бу касблар Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти учун ҳам таянч устун бўлиб бораётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат.

Рақамли соҳалар бўйича ёшлар учун кўплаб имкониятлар яратилмоқда. 2024-2025 йилларда Тошкент шаҳрида “SММ мактаби”, Ёшлар ишлари агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида “Пойтахтнинг SММчи қизлари” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа орқали 1000 нафар қиз 100 фоиз грант асосида SММ ва мобилография касбларини ўрганди. Бу нафақат касбга эга бўлиш, балки аёлларнинг рақамли иқтисодиётда фаол иштирок этишига замин яратди.

Юртимизда замонавий касбларни қўллаб-қувватловчи кўплаб танлов ва мукофотлар ҳам мавжуд. Жумладан, Зулфия номидаги давлат мукофотида сўнгги йилларда ахборот технологиялари бўйича алоҳида номинация ажратилгани бежиз эмас. Бу орқали IT йўналишидаги иқтидорли қизлар ҳам рағбатлантирилмоқда.

Бугунги замонавий касблар шунчаки тирикчилик воситаси эмас, балки жамиятдаги ижтимоий онгни, маданий трендларни, иқтисодий ҳаракатни шакллантирувчи кучли омиллар. Бу касблар орқали ёшлар ўз салоҳиятини рўёбга чиқарибгина қолмай, жамиятда фикр етказувчи, ўзгаришлар етакчисига айланмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА