Энг чекка ҳудудлар ҳам эътибордан четда қолмади

90

Маҳаллалардаги оилавий поликлиникалар, улардаги патронаж хизматлари ва профилактик кўрикларнинг барчаси касалликларни эрта аниқлаш, олдини олиш ва даволашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса, болалар саломатлигига эътибор қаратиш, уларни эрта тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур ҳолларда мутахассис ёрдамига йўналтириш – келажак авлоднинг соғлом ўсишида муҳим омил ҳисобланади.

Хўжайли туман тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли поликлиникасининг тор соҳа мутахассислари ва оилавий шифокорлари томонидан туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири Қумбиз маҳалла фуқаролар йиғинида тиббий кўриклар ўтказилди.

Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли сони 1400 нафарга яқин. Шундан 736 нафари 18 ёшгача бўлган болалардир. Шунингдек, 492 нафари туғиш ёшидаги аёллар.

Тиббий кўрик давомида 237 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 51 нафарида турли касалликлар аниқланди. Шундан 46 беморга амбулатор, 4 болага стационар даволанишга йўлланма берилди, 1 бола республика болалар гематологи консультациясига юборилди.

Шунингдек, фуқароларга тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича маълумотлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.