Шуманай туманида кичик ва ўрта бизнес вакилларига қўлланилган солиқ имтиёзлари 173,9 фоизга кўпайган

Аввал хабар қилинганидек, солиқ соҳаси раҳбарлари ва мутахассисларининг тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган учрашувларда солиқ қонунчилигига оид ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида сўз юритилиб, хусусий сектор вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчановнинг навбатдаги учрашуви Шуманай туман ҳокими, тумандаги кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида ўтказилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган мазкур учрашувда солиқ соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан, Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги «Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Шуманай туманида 985 кичик ва ўрта бизнес вакиллари (шундан, 659 микрофирма, 27 кичик корхона, 443 якка тадбиркор) тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Туманда бюджет даромадларига 2024 йил учун белгиланган 8,3 млрд. сўм прогноз кўрсаткичи йил якуни билан 8,4 млрд. сўмга (101,7%) ортиғи билан бажарилиб, бюджетга қўшимча 0,1 млрд. сўм тушум таъминланди. Шуманай туманида кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 2024 йилда 18,3 млрд. сўм солиқ тўлаб, бюджетга жами тушумдаги улуши 38,3 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларига мувофиқ ҳамда бошқа солиқ қонунчилигига асосан, Шуманай туманида 2023 йил давомида 515 кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 8,8 млрд. сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилган бўлса, 2024 йил давомида 623 кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан 24,0 млрд. сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилиб, бу кўрсаткич 173,9 фоизга ошди.

Ушбу маблағлар тадбиркорларнинг ўз ихтиёрида қолдирилиши натижасида корхоналар томонидан тадбиркорликни кенгайтиришга, ишчилар сони ортишига ва шу орқали бандликка кўмаклашишга замин яратилмоқда. Бунинг яққол далили сифатида туманда товар (хизматлар) реализация ҳажми 117,3 млрд. сўмга (37,9%), ишчилар сони 3,4 мингга (95,2%) кўпайганини таъкидлашимиз мумкин.
Тадбирда тадбиркорларнинг солиқ имтиёзларини қўллаш, ҳисобот топшириш, банк ва маъмурий жарималар билан боғлиқ муаммо ва таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Тадбир якунида мамлакатимиз иқтисодиёти ва хусусий сектор ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ намунали солиқ тўловчиларга миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.