Халқлар дўстлиги – тинчлик ва фаровонлик асоси

183

Дўстлик ва ҳамжиҳатлик диёри ҳисобланган мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқда.

Юртимизда 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамиятлари фаолият юритмоқда. Мамлакатимиздаги таълим ташкилотларида ўқув-тарбия жараёнлари ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилиб, улар давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган «Дўстлик уйлари» фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар йўналтирилиб, турли субсидия ва грантлар ажратилмоқда.

Миллий маданий марказларнинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида, улар давлат томонидан замонавий техник жиҳозлар, мусиқа асбоблари, мебеллар ва миллий либослар билан таъминланди.

Миллий маданият марказларнинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида, улар давлат томонидан замонавий техник ускуналар, мусиқа асбоблари, мебеллар ва миллий либослар билан таъминланди.

Миллий маданий марказларнинг самарали фаолият юритиши учун энг кўркам бинолар ажратилиб, ушбу масканларда мунтазам равишда умуммиллий байрамлар, фестиваллар, концерт ва учрашувлар, семинар ва конференциялар ўтказилмоқда.

Жумладан, «Ўзбекистон – умумий уйимиз» деган эзгу ғоя барча миллий маданий марказларнинг шиорига айлангани диққатга сазовордир. Бу жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити, тинчлик ва осойишталикнинг ёрқин ифодаси, дейиш мумкин.

Бутун дунёда Халқаро дўстлик куни деб қабул қилинган 30 июль санаси мамлакатимизда ҳар йили Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланиб келмоқда.

Хусусан, бу йилги байрам тадбирлари ўзининг кўп асрлик тарихий шаҳар ва қўрғонларига эга Элликқалъа туманида ҳам «Ўзбекистон ягона Ватан!» шиори остида тантанали равишда нишонланиб ўтди.

Республикамизнинг энг файзли масканларидан бири ҳисобланган Оқчакўл туристик мажмуасида ўтказилган ушбу Дўстлик фестивалига республикамиз ҳукумати раҳбарлари, барча маданий марказларнинг фаоллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда дастлаб иштирокчилар миллий маданий марказлар томонидан миллий либослар, буюмлар ва китоблар кўргазмаси, тумандаги саноат корхоналари, кластерлар ва фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилаётган янги маҳсулотлар кўргазмалари билан яқиндан танишди.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси раиси Қ.Сариевлар тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклаб, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида юртимизда халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди. Жумладан, дўстлик ва тинчлик диёри ҳисобланган Қорақалпоғистонда қилинаётган кенг кўламли ислоҳотларни фахр билан тилга олди.

Байрам кечаси республикамизга таниқли маданият ва санъат ходимлари томонидан тайёрланган она Ватан, унинг мустақиллиги ва халқлар дўстлигини тараннум этувчи жўшқин концерт дастури билан кўтаринки руҳда давом этди.

Бундай байрам тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.