Ветеринария ва санитария-эпидемиология хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик кучайтирилади

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатнинг барча ҳудудларида туман эпизоотологлари учун тренинглар ташкил этди.
Ўқув жараёни “Марказий Осиёда “Ягона саломатлик” ёндашуви орқали пандемияга тайёргарлик кўриш ва ва жавоб чоралари” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

ФАО ахборот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, мазкур дастур доирасида мамлакат бўйлаб 300 дан зиёд эпизоотологни ўқитиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 250 дан зиёд мутахассис амалий кўникма ва билимларга эга бўлган.
Қайд этиш керак, соҳада кузатиладиган касалликларни назорат қилиш самарадорлигини ошириш нафақат санитария ва озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан, балки миллий иқтисодиёт учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Эпидемиологик кузатувнинг ишончли тизими чорвачилик соҳасига инвестиция жалб этиш, маҳаллий маҳсулотлар экспорт салоҳиятини ошириш ва янги халқаро бозорларга чиқишга кўмаклашади.

Бундан ташқари, эпидемиологик кузатув фаолиятини амалга ошириш ва илғор технологияларни жорий этиш Ўзбекистоннинг Жаҳон ҳайвонот соғлиғи ташкилоти мезонларига мувофиқ, айрим хавфли касалликлардан холи мамлакат мақомини олиши учун замин яратади.
Бундай мақом савдо ҳамкорлари ишончини оширади ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади. Шу боис, тренингнинг асосий мақсади – зооноз касалликлар ўчоқларини барвақт аниқлаш ва жавоб бериш тизимини мустаҳкамлаш, ветеринария ва санитария-эпидемиология хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборат бўлди.

Ушбу ташаббус Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли стратегиянинг муҳим қисми ҳисобланади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА