Аҳолига қулай тиббий хизмат яқинлашмоқда

Қишлоқ жойларда аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш — жамият тараққиётининг муҳим йўналишларидан биридир. Бу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг натижаси сифатида Тўрткўл туманида яна бир қулайлик яратилди.
Туманнинг «Оқбошли» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 43-сонли оилавий поликлиника анча вақтдан буён маҳаллий аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Бироқ овул марказидан 7 км узоқда жойлашган 9-, 10- ва 11-бўлимларда истиқомат қилувчи фуқаролар учун ушбу поликлиникага етиб бориш муайян қийинчиликлар туғдирар эди.

Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида маҳаллий фуқаролар томонидан алоҳида тиббий пункт очиш бўйича мурожаат қилинди. Ушбу таклиф «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ҳомийлигида амалга оширилди. 24-сонли умумтаълим мактабининг бўш турган хоналари тўлиқ таъмирланиб, кундузги даволанишга мўлжалланган янги маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди.
Янги очилган тиббиёт пунктида бир нафар шифокор ва уч нафар патронаж ҳамшира фаолият юритади, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Тиббиёт пунктининг очилиш маросимида туман ҳокими И. Худайбергенов иштирок этиб, маҳалла аҳолисини ушбу муҳим янгилик билан табриклади.
Аҳоли томонидан мазкур ташаббус юксак баҳоланиб, ҳомий ташкилот ва мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди.

Маҳаллада тиббий пункт ташкил этилиши нафақат аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, балки уларнинг ҳаёт сифати ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилади. Бундай амалий қадамлар жойлардаги ижтимоий барқарорлик ва халқ розилигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги