Ёш шахматчиларимиз Марказий Осиё чемпионатида етакчилик қилмоқда

88

Шу кунларда Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида шахмат бўйича 18 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида навбатдаги Марказий Осиё чемпионати мусобақалари давом этмоқда.

10 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги баҳсларда ғолиблик учун кураш олиб бораётган иқтидорли шахматчи қизимиз Меҳрибону Назирқулова оқ доналарда қирғизистонлик Алия Темирбековани мағлуб этди ва муддатидан аввал чемпионатнинг олтин медалини қўлга киритди.

Бугун, 28 июль куни мукофот жамғармаси 12 минг АҚШ долларидан иборат мусобақанинг ҳал қилувчи 9-тур баҳслари бўлиб ўтади. Унда спортчиларимиз ўз ёш тоифалари бўйича совринли ўринлар учун курашни давом эттиради.

9-тур ўйинлари остонасида 10 ёшгача бўлган шахматчи қизлар мусобақасида яна бир юртдошимиз  Робияхон Шапохатова 5 очко билан 4-ўринда, Фазлиддин Фарҳодов 8 ёшлилар орасида 6 очко билан 3-ўринда, Жаҳонгир Дилмуродов 12 ёшлилар орасида 6 очко билан 3-ўринда, Абдуқодир Баҳодиров, Алишер Абдуқаюмов, Темур Шавкатов 14 ёшлилар орасида 6 очко билан етакчилик қилмоқда.

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА