28 июль — Халқаро гепатитга қарши курашиш куни

103

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб 1,2 миллион одам гепатит B вируси, 1 миллион одам эса гепатит C вируси билан касалланади. Энг ачинарлиси, ушбу вируслар туфайли ҳар йили 1,3 миллион инсон ҳаётдан кўз юммоқда. Бу кўрсаткич ҳатто ОИВ/ОИТС ва безгакдан келиб чиқадиган ўлимлардан ҳам юқоридир.

Гепатит — бу фақат шифохоналарда ҳал этиладиган муаммо эмас, барчамизнинг умумий масъулиятимиз. Бугунги кун биздан бирлашишни, бир-биримизга ғамхўр бўлишни, ва энг муҳими, ўзимиз ва яқинларимизни соғлиққа оид хатарлардан ҳимоя қилишни талаб қилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда Республика вирусология илмий-амалий тиббиёт маркази ташаббуси билан тайёрланган махсус видео қўлланма бу соҳадаги билим ва амалий тавсияларни ўз ичига олган.

Унда гепатитнинг турлари, юқиш йўллари, олдини олиш усуллари ва замонавий даволаш имкониятлари ҳақида тўлиқ маълумот берилади. Бепарволикдан сақланиш ва ҳаёт тарзимизни қайта кўриб чиқишга ундайди.

Профилактика — энг кучли қурол саналар экан, видео қўлланмани албатта, томоша қилинг. Яқинларингизга ҳам улашиб қўйинг.

М.Қосимова тайёрлади, ЎзА