Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

«Қорақалпоқ сув таъминоти» акциядорлик жамиятида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилиб, унда соҳа раҳбарлари аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация хизматларини кўрсатиш бўйича 2024 йилда жамият томонидан олиб борилган ишлар, 2025 йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда республикамизда яшаётган жами 2 миллиондан ортиқ аҳолининг 74,2 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган 25,8 фоизи муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланади.

Республикамизда 311 та сув тозалаш иншооти мавжуд. Шунингдек, 7,9 минг километр ичимлик сув тармоқлари мавжуд бўлиб, шундан, 1,1 минг километрлик қисми (13,9%) эскирган ҳолатида.
Жамият томонидан аҳолига асосий 3 та сув тозалаш иншооти орқали ичимлик суви етказиб берилади. Шундан, «Туямўйин» сув тозалаш иншоотининг қуввати 140 минг м3/сутка, «Тахиатош» сув тозалаш иншоотининг қуввати 60 минг м3/сутка бўлиб, унинг қувватини суткасига 120 минг м3.га етказиш бўйича лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда.
Учинчиси Нукус шаҳрининг асосий ичимлик сув манбаи бўлган «Нукус» сув тозалаш иншоотида бугунги кунда республика бюджети маблағлари ҳисобидан қувватини суткасига 65 минг м3.дан 90 минг м3.га етказиш бўйича қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Республикамиз бўйича оқова сув чиқариш хизмати (канализация) билан таъминланганлик даражаси 5,4 фоизни ташкил этади.
Нукус шаҳри, Беруний, Қонликўл, Мўйноқ, Тахиатош ва Чимбой туманларида 80 та оқова сув иншоотлари ва 223,2 километрлик канализация тармоқлари мавжуд.
Бугунги кунда жамият 259 минг 635 абонентга хизмат кўрсатиб келмоқда.
2024-2025 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида, жами 45,2 километрлик ичимлик сув тармоқлари, сув иншоотларидаги 71 та насос агрегатларида катта ва кичик таъмирлаш ишлари олиб борилиши натижасида 17 та маҳалладаги 237 та хонадонда яшовчи 1152 нафар фуқаронинг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.

Куз-қиш мавсумида тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш, тармоқларда юзага келган авария ҳолатларни қисқа вақтда бартараф этиш мақсадида шаҳар, туманлардаги Сув таъминоти филиалларида жами 84 нафар ишчи-ходим ва 25 та махсус автотранспорт механизмларидан иборат 21 та авария-тиклаш бригадалари ташкил этилиб, 24/7 режимида хизмат кўрсатиб келмоқда.
Халқимизнинг ичимлик сув таъминотини янада яхшилаш бўйича 2024 йилда республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан умумий лойиҳа қиймати 173,1 млрд. сўмлик, жами узунлиги 147,2 километрлик ичимлик сув ва канализация тармоқлари, 24 дона сув иншоотларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, натижада ҳудудлардаги 23 та маҳалланинг ичимлик сув таъминоти яхшиланди ва эътиборлиси 1850 та хонадонда яшовчи 10,2 минг киши биринчи марта ичимлик сув билан таъминланди. Ушбу лойиҳалар доирасида давлатимиз томонидан бепул 1692 та уй ва хонадонларга сув ҳисоблагичлари ўрнатилди.
– Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги ПҚ-454-сонли қарорига мувофиқ, лойиҳа қиймати 39,5 млрд. сўмлик, узунлиги 83,9 километрлик ичимлик сув тармоқлари ва 7 та сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, янгидан қуриш белгиланган, – дейди «Қорақалпоқ сув таъминоти» АЖ бошлиғининг ўринбосари Б.Матмуратов.

Бугунги кунда йилдан-йилга ўтувчи 5 та объектда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда, қолган 5 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, пудратчи корхоналарни аниқлаш мақсадида тендер савдоларига чиқарилди.
Президентимизнинг 2019 йил 9 апрелдаги ПҚ-4271-сонли қарорига мувофиқ, «Осиё тараққиёт банки» (ОТБ) иштирокида лойиҳа қиймати 172,3 млн. долларлик лойиҳани 2021-2025 йилларда амалга ошириш белгиланган.
Лойиҳа асосида «Туямўйин» сув тозалаш иншоотини (қуввати суткасига 140,0 минг м3), «Тахиатош» сув тозалаш иншоотини (қуввати суткасига 120,0 минг м3) реконструкция қилиш ва «Манғит» сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш (қуввати суткасига 40,0 минг м3) ишларини ҳамда республикамизнинг 6 туманида (Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Мўйноқ ва Нукус туманлари) жами узунлиги 1236 километрлик ичимлик сув тармоқлари билан 26 та ичимлик сув тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 сентябрдаги 486/9-сонли қарорига мувофиқ «Жаҳон банки»нинг иштирокида лойиҳа қиймати 78,0 млн. доллар бўлган «Нукус, Тахиатош шаҳарлари ва Хўжайли туман марказида оқова сув тизимини реконструкция қилиш» лойиҳаси 2023-2027 йилларда амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳа асосида Нукус, Тахиатош шаҳарлари ва Хўжайли тумани марказида умумий қуввати суткасига 45,2 минг м3 бўлган 3 та оқова сув тозалаш иншоотини қуриш, 28 та оқова сув насос станцияларини ва 142,3 километрлик оқова сув тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Лойиҳа натижасида 98,8 минг кишига оқова сув хизмати кўрсатиш яхшиланади.
Бугунги кунда «Лойиҳалаш ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш» бўйича Posch & Partners Consulting Engineers (Австрия) компанияси томонидан лойиҳа ишлари олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.