Иссиқхона куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда

84

Чимбой тумани Тағжап овул фуқаролар йиғинида жойлашган «Агро олам Чимбой» масъулияти чекланган жамияти 1 гектар 70 сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, бугунги кунда ички бозорларимизни таъминлаш мақсадида помидор, бодринг ва булғор қалампири етиштирмоқда.

Айни пайтда 70 сотих майдондаги бодринг ҳосили йиғиб олиниб, иккинчи мавсумга экиш учун тайёрланмоқда. МЧЖнинг жами 2 гектар 20 сотих ер майдони бўлиб, 50 сотихга ошқовоқ ва тарвуз экилган.

Иссиқхонада 10 киши доимий иш билан банд, мавсумда яна 20 ишчи ишлайди. Жами 30 киши иш билан таъминланган. Ишчиларга ойликлари ўз вақтида берилиб, иссиқ овқат билан таъминланган.

– Иссиқхонамизда етиштирган полиз маҳсулотларимизни ички бозорга етказиб беряпмиз. Баҳорги мавсумда 150 тонна бодринг, 25 тонна помидор олган бўлсак энди қўшимча ўн,

ўн беш тонна помидор, 30, 40 тонна бодринг йиғиб олишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, иссиқхонанинг бир қисмига кузги бодринг экиш учун ерни тайёрлаяпмиз. Ҳозирги вақтда ўн беш оилани иш билан таъминлаб, маҳаллий фуқароларнинг бандлигини таъминладик. Шунингдек, қишки иссиқхонани кенгайтириб, қозон қуриш учун тайёргарлик ишларини олиб боряпмиз ва шу орқали халқимизга қиш кунлари полиз маҳсулотларини етказиб бериш билан бирга, қўшимча иш ўринларини яратмоқчимиз, – дейди иссиқхона агрономи Атамурат Усмонов.

Полиз маҳсулотларини аҳолига етказиб беришда фаолият олиб бораётган жамият ишчилари асаларини парваришлаб, ундан тоза асал олиш ишлари билан ҳам шуғулланмоқда. Бугунги кунда 50 қути асаларига қаров берилиб, ундан ҳам қўшимча даромад олиш ишлари режалаштирилган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги