Қўстамдаги мактаб замонавий тусга кирмоқда

204

– Таълим ва тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласидир. Шу сабабли, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ.

Қанчалик қийин бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Сабаби, биз кўп вақт йўқотдик.

Агар кимдир мактаб бу фақат Халқ таълими вазирлигининг иши, деб ўйласа, мутлақо адашади.

Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин, – деган эди давлатимиз Президенти Ш.Мирзиёев.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, республикамиздаги барча мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари замонавий қиёфа касб этиб, улар барча зарур асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда.

Шундай мактаблар қаторида Қораўзак туманидаги академик Собир Камалов овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 17-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳисобланади. 158 ўқувчи ўқиб билим оладиган бу даргоҳда, давлат инвестиция дастури бўйича ҳозирги вақтда 4 млрд 400 млн сўм бўлган капитал реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

– Мактабимиз йиғин марказига узоқ бўлганлиги сабабли, бу ерда Оразбой овул, Сайман овул, Қўстам овул ва Давликўл аҳоли пунктларида жойлашган хўжаликларнинг болалари ўқийди,-дейди мактаб директори Қозоқбой Оразбоев.-Уларга 27 ўқитувчи таълим бериб келмоқда. 2024 йилнинг биринчи мавсумида «Очиқ бюджет» портали орқали 364 млн сўм маблағ ютиб олиб, мактабимизга 16 та электрон доска, ўқувчиларни касбга йўналтирувчи 2 та тикув машинаси, ўғил болалар учун турли жиҳозлар, 2 та проектор, ўқитувчилар ва директор хонаси учун турли мебель ва анжомлар сотиб олинди. Шунингдек, мактабимизда ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар паст эди. Шу боис давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, жорий йилда мактабимизни давлат инвестиция дастурига киритди.  Албатта, келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар эртага ўзининг ижобий самарасини беради, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳурматли Президентимизга қишлоқ ёшларига кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги учун катта раҳмат айтаман.

«Қизкеткен махсус қурилиш» масъулияти чекланган жамиятининг қўли гул қурувчилар томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган ушбу объектда, ҳозирги кунларда трансформатор ва синф эшиклари янгидан ўрнатилиб, ташқи деворларига базальт босилди. Спорт залининг металл конструкция ишлари олиб борилиб, мактабга иситиш тизимларини қуриш ва электр тармоқларини янгилаш, ёнғин хавфсизлигига қарши курашадиган махсус сув гидрантларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.