Инстаграмда маданият кураши

Мулоҳаза
Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар, айниқса инстаграм, нафақат мулоқот воситаси, балки дунёқарашни шакллантирувчи, маънавий тарбия ва эстетик қарашлар манбаи сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Ҳозирда ҳар бир инсон ўзининг кичик виртуал майдонига эга. Бу эса уни блогерга, таъсир доирасига эга шахсга айлантиради. Инстаграмнинг қудрати шундаки, у кимни эшитиш, нимани кўриш ва қандай қадриятлар билан яшаш кераклигини одамга билвосита сингдира олади. Шу сабабли ҳам бу платформада юзага келаётган маданият масаласи долзарб ва жиддий таҳлилни талаб этади.
Инстаграм илк бор 2010 йилда ишга тушган бўлса-да, айнан сўнгги 5–6 йил ичида Ўзбекистонда жадал ривожланиб, аҳолининг турли қатламларига кириб борди. Бугунги кунда инстаграм: ўзини ифода этиш платформаси, маркетинг ва бизнес юритиш воситаси, ўқитувчи ва ўргатувчи алоқа воситаси, ҳаёт тарзини намоён этувчи ойна сифатида хизмат қилмоқда.
Истеъдодли ёшлар, санъаткорлар, тадбиркорлар, ҳунармандлар, ҳатто ўз оиласини ижтимоий мотивацияга айлантирган оддий инсонлар инстаграм орқали миллионлаб аудиторияга эга бўлиб, фойдали контент тарқатмоқда. Бу ижобий тенденция, ва албатта эътирофга лойиқ.

Бироқ, эътиборга молик жиҳат шуки, ҳар бир инсоннинг саҳифаси жамиятда маданий дид, ижтимоий қарашлар, ахлоқий меъёрлар қандай ўзгараётганининг кўзгусига айланмоқда. Авваллари саҳифаларда оилавий суратлар, ижод маҳсуллари, саёҳатлар ёки диний-маънавий таълимотлар устувор бўлган бўлса, бугунги кунда кўплаб саҳифаларда шахсий ҳаёт тафсилотларини ҳаддан ташқари очиқ намойиш этиш, юзаки ва ғаразли “тренд”лар ортидан қувиш, шов-шувга асосланган “контент” тайёрлаш ҳолатлари авж олмоқда.
Шу ўринда икки асосий хавфли йўналишни кўриш мумкин:
Синфий тафовутларнинг кучайиши – инстаграмда идеал ҳаёт, қимматбаҳо буюмлар ва ҳашаматни кўрсатишга бўлган иштиёқ натижасида айрим инсонлар реал ҳаёт билан виртуал ҳаётни адаштириб қўймоқда. Бу эса руҳий босим, депрессия, кераксиз тақлид ва норозилик ҳиссини кучайтиради.
Ачинарлиси, контент яратишда томошабин эътиборини жалб қилиш йўлида уятли, ҳаддан ташқари шахсий, ҳатто маънавиятдан йироқ материаллар тайёрланмоқда. Бундай контент савиясизликни одатий ҳолга айлантиради. Айниқса, ёш авлод онгида нотўғри меъёрларни шакллантиради.
Кўпчилик савиясиз контентлар нега кўп кўрилишини “Халқ шуни хоҳлайди” деган оддий сабаб билан оқлайди. Бироқ, бу бир томонлама ва жуда хавфли фикр. Чунки кенг оммага эга бўлган ҳар бир блогер ёки контент яратувчи ўз аудиториясининг тарбиячисидир. Аудитория нима кўрса – шуни одат қилади, қабул қилади, такрорлайди.
Яна бир муҳим муаммо – ўқувчи ва томошабиннинг таҳлил қила олиш қобилияти заифлиги. Интернетдан фойдаланаётган ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар, кўраётган контентини синтез қилиш, танқидий фикрлаш, ахлоқий фильтрдан ўтказиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, виртуал ахборотлар реал ҳаётга салбий таъсир кўрсатишда давом этаверади.
Инстаграмда маданиятни қандай шакллантиришимиз мумкин, деган саволга қуйидагича жавоб беришимиз мумкин. Инстаграмда маданият фақатгина либос ва нотиқликдан иборат эмас. Саҳифада сохталик, ортиқча бўрттириш эмас, балки ҳаётнинг ижобий, чиройли ва мотивацион жиҳатларини кўрсатиш даркор. Билим, тажриба, ҳунар ёки тарбия берувчи материаллар тайёрлаш Инстаграм ижтимоий тармоғининг асосий йўналишларидан бўлиши керак. Айниқса, ёшлар билан ишлаётган саҳифалар ўзларида педагогик ёндашувни сақлаши муҳим.
Инстаграм – бу асримизнинг кенг имкониятларидан бири. У орқали жамиятга таъсир ўтказиш, янги ғояларни илгари суриш, ўзини ва бошқаларни ривожлантириш мумкин. Аммо бу имкониятдан фойдаланганда маданият, ахлоқ, эстетик дид ва маънавият йўқолмаслиги керак. Ҳар ким ўз саҳифасида масъулиятли, савияли ва фойдали бўлишга ҳаракат қилса, инстаграм жамият учун ҳақиқий ижобий кучга айланиши ҳеч гап эмас.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА