Ислоҳотлар Есимўзак қишлоғи ҳаётига қандай таъсир кўрсатмоқда?

Халқ манфаати ҳамма нарсадан устун ҳисобланган бизнинг юртимизда одамларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун барча қулай шароитлар яратиб берилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида республикамиз марказидан анча олисда яшовчи чекка ҳудудларда катта ўзгариш ва янгиланишлар юз берди.

Есимўзак қишлоқ фуқаролар йиғини Қораўзак туманидаги энг чекка ҳудудлардан бири бўлиб, бугунги кунда аҳоли орасида икки ярим мингдан ортиқ турли миллат вакиллари бир отанинг фарзандларидек тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Бир пайтлар мамлакатга шоли етиштириш бўйича энг илғор хўжаликлардан бири бўлган бу ҳудудда сув танқислиги ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, маҳаллий аҳоли анча қийинчиликка дуч келган эди. Ўша йиллари айрим фуқаролар ўзларининг турар жойларини ташлаб, кимдир Нукусга, кимдир туман марказига, баъзилари Қозоғистон Республикасига кўчиб кетишга мажбур бўлди.

2016 йилнинг сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига киришганидан сўнг, мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар бошланиб, унинг ижобий суръати биз сўз юритаётган Эсимўзак аҳолисига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Хусусан, у давлат бошқарувига келгач, аввалги тизимга нисбатан очиқлик, эркинлик, иқтисодий либераллаштириш ва халқ билан мулоқот тамойиллари кучайтирилиб, давлат бошқаруви ва сиёсий ислоҳотлар борасида халқ билан мулоқот сиёсати йўлга қўйилди. «Халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун хизмат қилиши керак» деган тамойил асосида ислоҳотлар амалга оширилди.
2019 йилда «Обод қишлоқ» давлат дастури асосида ички йўллар таъмирланиб, қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Йиғин марказида жойлашган 13-сонли мактабгача таълим ташкилоти янгидан қурилган бўлса, энг чекка Оқпўлат қишлоғидаги 30-сонли умумий ўрта таълим мактабида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Электр линиялари янгидан тортилиб, Оқполат аҳолисига 2022 йили сувни чучуклаштирувчи станция қуриб берилди. Ўша йили йиғин маркази табиий газ тармоғига уланди.

Жорий йилда «Ташаббусли бюджет» портали орқали шу йилнинг биринчи мавсумида Есимўзак қишлоқ фуқаролар йиғинига борувчи йўл фуқароларнинг овоз бериш йўли билан қора қопламали асфальт ётқизиш лойиҳасини ютиб олиб, 1 млрд. 499 млн сўм маблағ ҳисобидан 1,5 км масофадаги йўллар асфалтланди.
Ҳозирги кунларда эса, давлат инвестиция дастури асосида, ҳудуддаги 30-сонли умумий ўрта таълим мактабининг асосий биносини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, унга қўшимча 120 ўринли ўқув биноси ва 12х24 ўлчамдаги замонавий спорт зали қуриб берилмоқда.

– Шу кунгача ўқувчиларимиз икки маҳал ўқирди, – дейди ушбу мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Бердақ Абдамбетов. – Энди янги 4 та синф хонаси қуриб битказилиши билан ўқувчиларимиз бир маҳал ўқиб, қолган вақтда қўшимча фан тўгаракларида шуғулланиш имкониятига эга бўлади. Айниқса, мактабимизга янги спорт залининг қуриб берилиши ёшларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятини оширади. Бу эса мактабимизда таълим сифати яхшиланиши ва соғлом турмуш тарзи кенг ёйилишига сабаб бўлади.

– Мактаб қурилиши май ойининг охирида бошланиб, бугунги кунга қадар 120 ўринли қўшимча ўқув биносининг деворлари кўтарилиб, томлари бетон плиталар билан ёпилиб, ички сувоқ ишлари якунланди, – дейди «Реал инжиниринг» масъулияти чекланган жамияти прораби Балтабай Раҳматуллаев.

– Халқимизга кўрсатаётган бундай ғамхўрликлари учун муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевга ва республикамиз раҳбариятига катта раҳмат айтаман,-дейди йиғин оқсоқоли Махамбет Нуржигитов.-Албатта, халққа қилинган яхшилик ҳеч қачон унутилмайди. Бизлар ҳам эл раҳбарларининг халқнинг фаровон турмушда яшаши учун қилаётган бундай ғамхўрликларини унутмасдан мамлакатимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун фидокорона хизмат қилаверамиз.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.