Болаларнинг интеллектуал салоҳияти ривожлантирилмоқда

105

Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва уларнинг таътил давридаги бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли ташаббуслар амалга оширилмоқда. Улардан бири сифатида “Долзарб 90 кун” доирасида ўтказилаётган тадбирларни қайд этиш мумкин.

Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлимининг маълумотига кўра, Элликқалъа туманида жойлашган “Орол болалари” дам олиш масканида шу лойиҳа доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Ташкилотчилар — “Заковат” клуби, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан ўтказилган ушбу тадбир болалар учун ҳам маданий, ҳам маърифий жиҳатдан аҳамиятли бўлди.

Ўйинда қатнашган болалар жамоалари саволларга жавоб бериш жараёнида зеҳнларини ишга солиб, билимларини янада мустаҳкамлашди. Интеллектуал беллашув ёшлар ўртасида соғлом рақобат ва жамоавий ишлаш кўникмасини ривожлантиришга хизмат қилди.

Тадбир якунида ғолиб жамоалар аниқланиб, уларга дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди. Бу каби ўйинлар болаларнинг фикрлаш қобилиятини ошириш, уларни янги билимларга чанқоқ қилишда муҳим ўрин тутади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги