Фаол ёшлар билан учрашув ўтказилди

Ёшлар — жамият тараққиётининг ҳал қилувчи кучи сифатида эътироф этилаётган бугунги кунда уларнинг фикрини тинглаш, эҳтиёжларини ўрганиш ва қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан биридир.
Шу мақсадда Тўрткўл тумани Туркманкўли овул фуқаролар йиғинида туман ҳокими И.Худойберганов иштирокида “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон, Туркманкўли, Яхдилиқ ва Машъал овул ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи фаол ёшлар иштирок этишди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Учрашув эркин мулоқот тарзида ўтди. Туман ҳокими учрашув давомида мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритиб, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Шу орқали, ёшлар келажакда юртимизга садоқатли ва жасур шахслар сифатида камол топишлари лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир давомида ёшлар ўзлари учун долзарб бўлган масалалар юзасидан фикр билдиришди. Улар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларнинг таклифларини эшитиш ва амалий ёрдам кўрсатиш — бу каби учрашувларнинг асосий мақсадларидан бири бўлди.

Бундай форматдаги очиқ учрашувлар ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ва уларни мамлакат тақдирига дахлдор шахслар сифатида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги