Помидор маҳсулотларини қайта ишлаш кенгаяди

97

Аввал хабар берганимиздек, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа йўналишларда учраётган қийинчиликларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида жойларда ўрганиш ишларини олиб борилмоқда.

Жумладан, Нукус туманида 2018 йилдан буён «Қуёшда қуритилган экологик тоза органик помидор ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш» лойиҳаси амалга ошириб келаётган «Биогумус” фермер хўжалигида бўлиб ўтган навбатдаги ана шундай очиқ мулоқотда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси департаменти раҳбари Бахтиёр Рухитдинов ҳамда ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари Адип Айбергеновлар иштирок этди.

Бугунги кунда фермер хўжалиги томонидан 60 гектар майдонда Италиянинг Сан-Марсано помидор нави етиштирилмоқда. Йилига 1,2 минг тонна ялпи ҳосил олинади ва 110 тонна қайта ишланган (қуритилган) органик помидор маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Таъкидлаш жоизки, мазкур помидор нави қуритиш учун мўлжалланган бўлиб, Италиядан импорт қилинади ҳамда органик ўғитлар билан бойитилган ерларда етиштирилади. Бундан ташқари, ушбу нав Оролбўйининг қуруқ ва иссиқ иқлим шароитида етиштириш ва қуритиш учун қулай ҳисобланади.

Фермер хўжалиги томонидан қайта ишланган помидор маҳсулотлари Ecocert organic standart ва ISO 22000:2018 халқаро сифат сертификатларига эга. Натижада, ҳозирда қуритилган органик помидор маҳсулотлари Италия ва Франция давлатларига ҳар килоси 5,5-6,2 доллардан экспорт қилинмоқда.

– Келажакда органик помидор маҳсулотларини қайта ишлайдиган завод қуришни режалаштиряпмиз. Бу ерда нафақат ўзимизда, балки бошқа фермер хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлар қайта ишланади. Шунинг натижасида кўплаб иш ўринлари яратилади, – дейди «Биогумус» фермер хўжалиги раҳбари, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Шерзод Ниязимбетов.

Партия фаолларининг кейинги манзили Оролбўйи Халқаро инновация маркази бўлди.

Халқаро инновацион марказ Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги шўраланган тупроқли ерларда экотизимни ва барқарор тирик ҳаётни ривожлантириш, шўрлаган тупроқли муҳитда турли муаммоларни ҳал этиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, инновацион технологиялар ва ёндашувларни, жумладан, агроўрмон мелиорацияси, саҳрони дарахтзорга айлантириш, сув ости экинлари, биоэнергетика, экинлар диверсификацияси, экинлар комплексини етиштириш, чорвачилик, яйловларни ривожлантириш, қурғоқчиликни бошқариш ва унинг оқибатларини юмшатиш, Орол қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Орол денгизи ҳавзасининг экологик соғломлаштириш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш каби вазифаларни амалга оширади.

Учрашув якунида соҳага оид айрим масалалар бўйича мурожаат ва таклифлар билдирилиб, атрофлича муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги