Сургилда стратегик энергетика иншооти қурилди

141

Мамлакатимизнинг энергетика хавфсизлиги тизимида муҳим ўрин тутадиган “Сургил” сиқув компрессор станциясини (СКС) қуриш лойиҳасининг қурилиши ва монтаж ишлари муваффақиятли якунланди.

Ушбу станция Сургил конидаги табиий газ босимини ошириш ҳамда уни қайта ишлаш учун Устюрт газ-кимё мажмуасига узатишга мўлжалланган. Мазкур мажмуада хомашё гази таркибидан ажратиб олинадиган қимматбаҳо компонентлардан полимер маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Лойиҳа доирасида газни сиқиш бўйича йиллик қувват 1,8 миллиард куб метрни, суткалик қувват эса 4,8 миллион куб метрни ташкил этади. Компрессор станцияси икки параллель ишлайдиган газ ҳайдаш агрегатидан иборат.

Айни пайтда қурилиш ва монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, газ ҳайдаш агрегатларини ишга тушириш ва созлаш ишлари бошланган. Бу эса Сургил конида табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш, Устюрт газ-кимё мажмуасига барқарор равишда газ етказиб бериш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қўшимча ресурс базасини яратиш имконини беради.

Бундан ташқари, янги қувватлар Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси таркибидаги конлардан паст босимли газни сиқиш ҳисобига газ қазиб олиш ҳажмини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади.

Лойиҳа нафақат стратегик, балки муҳим ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Табиий газ қазиб олиш ҳажмининг ортиши орқали аҳоли, корхоналар ва ижтимоий муассасаларни ишончли энергия манбаи билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши таъминланади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА