Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларини янада жадаллаштиришга қаратилган қонунлар қабул қилинади

“Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилмоқда.
Бу Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси ида қайд этилди.
Қонун билан амалдаги қонунчиликка давлат активларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага беришни соддалаштиришга, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун мазкур соҳадаги ваколатли органларнинг ваколатларини белгилаш ҳамда давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш орқали хусусий мулкни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, “Бозор ислоҳотлари ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари янада жадаллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига қора ва рангли металл парча ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш, реализация қилиш, табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялаш тартибини жорий этиш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторлар мазкур қонун қора ва рангли металл парча ва чиқиндилари, табиий газ савдоси соҳасига хусусий секторни ва инновацияларни жалб этишга, шунингдек, рақобат ва очиқ бозор муҳитини яратишга хизмат қилиши хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА