Қорақалпоғистонга гуманитар ёрдам контейнери етиб келди

109

Соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро тажрибалар билан танишиш, бу борада илғор тажрибаларни ўрганиш, жорий этиш, халқимиз фаровонлиги йўлида ҳамкорлик қилиш доимо долзарб аҳамият касб этиб келмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт соҳасида ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий тажрибани юртимизга олиб кириш бўйича қатор ижобий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бир қатор давлатлардаги дунёга машҳур тиббиёт муассасалари, ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, тузилган Меморандумларга асосан кўплаб амалий тадбирлар, бепул операциялар, тиббий ёрдамлар амалга оширилмоқда.

Шундай халқаро ҳамкорликлар натижасида АҚШнинг «PROJECT C.U.R.E.» ташкилотининг 6-сонли инсонпарварлик ёрдами контейнери Қорақалпоғистонга етиб келди.

– Албатта, бундай халқаро ҳамкорликлар юртимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва сифатли тиббий хизмат турини замон талабларига мос бўлишига имконият яратмоқда, – дейди вазирликнинг инвестицияларни жалб этиш ҳамда давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни ривожлантириш сектори бош мутахассиси З.Палвониёзова.

«PROJECT C.U.R.E.» ташкилоти вакиллари Анне хоним ва Даве жаноблар ушбу инсонпарварлик ёрдами доирасида Қорақалпоғистонда бўлиб, тиббиёт муассасаларидаги беморларга яратилган шароитлар билан танишиб чиқди ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Гуманитар ёрдам контейнерлари тиббиёт муассасаларига тарқатилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.