Август — аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ойлиги

119

Шу йил май ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори экологияни муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

Қарорда барча аҳоли қатламларининг экологик маданиятини оширишга қаратилган долзарб мақсад-вазифалар ўз аксини топган. Жумладан, аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш ва юксалтиришга қаратилган экологик тарғибот тадбирларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш, аҳоли орасида чиқиндиларни саралаш, жамоат жойларини чиқиндидан холи ҳудудга айлантиришни кенг тарғиб қилишга қаратилган акциялар ташкил этиш ва мунтазам равишда ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш, атроф-муҳитга зарар етказувчи турли ашёлар ва жисмлар, уларнинг хусусиятлари ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек, зарарсизлантириш ва утилизация қилиш тартибига бағишлаб аҳолининг турли қатламлари учун мўлжалланган услубий қўлланмалар тайёрлаш каби қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Қарор қабул қилингандан буён ушбу концепция моҳиятини тушунтириш ва тарғиб этишга қаратилган тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ҳам бир қатор тарғибот-ташвиқот ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Эндиликда Экопартия томонидан август ойи “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ойлиги” деб эълон қилинди. Ушбу ойлик доирасида партиянинг Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Ёшлар парламенти ва ёшлар гуруҳлари вакиллари иштирокида экологик акциялар, форумлар, танловлар ва турли маърифий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Бундан кўзланган мақсад аҳоли қатламларининг экологик билим ва қарашларини бойитиш, жамиятда экологик маданиятни ошириш, фуқароларнинг экология йўналишидаги лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишларига кўмаклашишдан иборат.

Атроф-муҳит ва табиатни асраш, экологияни муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ва вазифасидир. Шундай экан, экологик маданиятни юксалтириш орқали табиат олдидаги бурчимизни бажаришимиз, соф ва барқарор келажакни яратиш йўлида фаоллик кўрсатишимиз лозим.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА