Коррупция – келажакка хавф тўғдирувчи иллат

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, ушбу йўналишда тизимли ва мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Тўрткўл тумани ҳокимлигида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари иштирокида “Коррупция – келажакка таҳдид” мавзусида учрашув ташкил этилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси, Жўқорғи Кенгес депутати Х.Ешимбетов ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари, Жўқорғи Кенгес депутати Ж.Сеттиев сўзга чиқдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгаш йиғилишида илгари сурилган асосий ғоялар, белгиланган вазифалар ва ташаббуслар мазмуни ҳақида тушунтириб беришди. Улар мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида охирги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат органлари фаолиятида шаффофликни таъминлаш ва жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш зарурлиги ҳақида атрофлича фикр юритдилар.

Шу каби учрашувлар аҳоли ўртасида жамият тараққиётига таҳдид солувчи салбий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Коррупцияга қарши курашишда барчамиз якдил ҳаракат қилишимиз, фақат давлат органлари эмас, балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси ушбу жараёнда фаол иштирок этиши зарур.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги