Манфаатлар тўқнашувига оид қонунчилик талаблари қандай бажарилмоқда?

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланган.
Шунга кўра, Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ҳамда ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик ҳолатлари юзасидан (Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида) ўрганиш олиб борди.
Ўрганишларда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 193-4-моддаси (манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик) тегишли қисмларига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилмоқда.
Бугунги кунда 344 (жумладан, 224 таси бўйича жарима тўловлари амалга оширилган, 116 суд қарори ижро этилиши кутилмоқда ва 4 таси судлар томонидан кўриб чиқилмоқда) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома “E-maʼmuriy ish” ягона ахборот тизими орқали тегишли судларга юборилди.
Давлат хизматида манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш чоралари кўрилмаган ҳолатларни соҳа ва йўналишлар кесимида олиб қаралганда, маҳаллий ҳокимликларда 212 нафар, қишлоқ хўжалигида 31 нафар, ёшлар билан ишлаш тизимида 24 нафар, мактабгача ва мактаб таълимида 13 нафар, молия соҳасида 10 нафар, бандлик соҳасида 9 нафар, кадастр соҳасида 6 нафар, санитария ҳамда фавқулодда вазиятлар тизимида 5 нафардан, соғлиқни сақлаш ҳамда экология соҳаларида 4 нафардан, ветеринария, спорт, олий таълим, адлия тизимида 3 нафардан, маданият, инвестиция, сув хўжалигида 2 нафардан, оила va хотин – қизлар, қурилиш ҳамда илмий-тадқиқот соҳаларида 1 нафардан экани маълум бўлди.
Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаслик ҳолатларининг олдини олиш чоралари давом эттирилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА