Тадбиркорлар ва деҳқонларга ҳуқуқий ёрдам

91

Қишлоқ хўжалигида яхши натижаларга эришишда соҳада учраётган муаммоларни ҳал қилиш жуда муҳимдир. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан шаҳар ва туманларда ташкил этилаётган акциялар фермер ва деҳқон хўжаликларида учраётган муаммоларни ҳал этиш, уларга ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида «20 август – Тадбиркорлар куни» муносабати билан ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ҳамкор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа йўналишларда дуч келаётган қийинчиликларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида «Тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳуқуқий ёрдам» акцияси ташкил этилди.

– Акциянинг асосий мақсади тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида дуч келаётган ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги қийинчиликларни ҳал этишга кўмаклашиш, соҳа фаолияти эркинлигини чеклаётган қатор муаммоларни доимий равишда тизимли ўрганиб бориш ва уларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка таклифлар тайёрлаш, шунингдек, давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқот майдонини яратишдир, – дейди ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси департаменти бошлиғи Бахтиёр Руҳитдинов.

Суҳбат давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермер ва томорқа ерларини ривожлантиришни янги босқичга кўтариш ва унинг ҳаётда янада кенг ўрин эгаллаши учун янги имкониятлар, имтиёз ва преференциялар яратиб бериш, соҳанинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган, соҳа фаолияти эркинлигини чеклаётган қатор муаммолар ҳақида сўз юритилди.

Акция доирасида тадбиркор ва фермерлар кредит олишдаги тўсиқлар, ер майдонини тақсимлашдаги адолатсизликлар, маркетинг ва кадастр масалалари, сув тежовчи технологияларни олишда субсидиялар ажратиш, дала четларидан унумли фойдаланиш, кластерлар билан ишлаш ва сув тақсимотида учраётган муаммолар бўйича аниқ жавоблар излаб мурожаат қилди.

Очиқ мулоқотда партия фаоллари ва масалаларга масъул ташкилот ходимлари иштирокида ҳар бир мурожаат қонуний ўрганилиб, партия томонидан махсус яратилган онлайн платформага киритилди.

Тадбир давомида соҳани ривожлантиришда деҳқон фермерларга берилган имтиёзлар, қонундаги ўзгаришлар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди. Чунки кўтарилаётган муаммоларнинг аксарияти фермерларнинг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслигидан келиб чиқаётганлиги акция давомида яққол намоён бўлди.

Бундай амалий форматдаги учрашувлар жойлардаги муаммоларни юзма-юз муҳокама қилиш ва уларга ечим топишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги