«Долзарб ўттиз кунлик»: маҳсулотлар сифати назорат қилинмоқда

Аввал хабар қилинганидек, республикамизда зарарли организмларга қарши ўз вақтида самарали курашиш чораларини ташкил этиш ва фитосанитар хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2025 йил 7 июлдан 7 августгача «Долзарб ўттиз кунлик» эълон қилинган эди.
«Долзарб ўттиз кунлик» доирасида қўшма тадбирлар режаси бўйича тизимли назорат ишлари олиб борилади. Давлат инспекторлари томонидан полиз экинлари экилган майдонларда ва зарарли ўтлар тарқалиши мумкин бўлган майдонларда назорат кучайтирилиб, дала назорати электрон дастури орқали ҳисобот юритилади. Шу йўналишдаги ишлар Чимбой туманида ҳам давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Чимбой тумани бўлими инспекторлари томонидан тумандаги фермер хўжаликларининг боғ ва далаларида фитосанитар мониторинг ишлари ўтказилиб, маҳсулотлардан намуналар олинди ва агентликнинг кўчма лабораториясида текширувдан ўтказилди.
Сўнг агентлик мутахассислари тумандаги томорқа эгаларининг мева ва полиз маҳсулотларига мониторинг ўтказди ва улардан намуналар олиниб, лаборатория хулосалари берилди. Учраши мумкин бўлган зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилиб, зарарсизлантириш тадбирларини амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Агентликнинг кўчма лаборатория автобуси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 мартдаги «Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати кўрсатиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан карантин тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган барча жиҳозлар билан таъминланган.
Ушбу кўчма лаборатория мамлакатимизда фитосанитар тозаликни таъминлаш, шунингдек, хорижий давлатларга карантин остидаги маҳсулотларнинг экспортини янада ошириш ва ушбу маҳсулотларга ўз вақтида лаборатория ечимини тақдим этишда алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади.

Кўчма лаборатория хизмати орқали ҳатто чегара ҳудудларда ҳам импорт ва экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини карантин текширувларидан ўтказиб, зарарланган маҳсулот ҳақида лаборатория хулосасини кўрсатиш имконияти яратилди.
Маълумот учун, экспортга чиқариш арафасида турган карантин остидаги маҳсулотлардан фитосанитар лабораторияга 2025 йилнинг шу давригача барча туман инспекторлари томонидан маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами 4479 турдаги намуналар экспертизадан ўтказиш учун топширилди. Шундан, 1493 турдаги намуна энтомологик текширувидан, 1493 турдаги намуна фитопатологик, 1493 турдаги намуна гербологик текширувдан ўтказилди.


Агентлик инспекторлари томонидан топширилган намуналарга жами 364 та экспертиза хулосаси берилиб, шундан 18 та ҳолатда хавфли объект аниқланган.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.