Замонавий шароитларда ўқиш ва ривожланиш имконияти яратилади

192

Юртимизда таълим соҳасини янада ривожлантириш, айниқса қишлоқ жойларда яшовчи болаларга муносиб таълим олиш имкониятини яратиш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда нафақат шаҳар марказларида, балки чекка ҳудудларда ҳам замонавий мактаблар қурилаётгани, барча болаларга тенг шароит яратишга қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.

Шу мақсадда Элликқалъа туманидаги “Ихлос” овул фуқаролар йиғинида 220 ўринлик янги умумтаълим мактаби қурилиши ишлари бошлаб юборилган. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” дастури, Ислом тараққиёт банки ҳамда ОПЕК халқаро тараққиёт фонди иштирокида амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 8 миллиард 483 миллион сўмни ташкил этади. Мазкур замонавий мактаб биноси қуриб битказилганидан сўнг, “Ихлос” маҳалласидаги болалар учун сифатли таълим олиш, замонавий шароитларда ўқиш ва ривожланиш имконияти яратилади,- деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фуқаролар турмуш даражасини ошириш, болаларнинг бахтли ва фаровон келажагини таъминлашга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги