Замонавий мактаб биноси барпо этилди

251

Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, ҳар бир бола учун замонавий ва сифатли таълим муҳитини яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда юртимизнинг энг олис ҳудудларида ҳам янги мактаблар қурилмоқда, мавжудлари капитал таъмирланмоқда.

Шу йўналишдаги ишлар доирасида Беруний туманида жойлашган 6-сонли умумий ўрта таълим мактаби учун 6 миллиард сўм миқдорида давлат инвестиция дастури асосида маблағ ажратилиб, замонавий мактаб биноси барпо этилди. Янги бинода 480 нафар ўқувчи учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Уч қаватли мактаб кенг ва ёруғ синфхоналар, замонавий жиҳозлар, компьютер ва чет тили хонаси, лабораториялар, ошхона ҳамда санитария талабларига тўлиқ жавоб берадиган қулайликларга эга, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Ушбу мактаб аввал 1970 йилда қурилган эски бино базасида фаолият юритган. Вақт ўтиши билан бинода шароитлар ёмонлашиб, айниқса қиш кунлари ўқувчилар учун ноқулай муҳит вужудга келган эди. Ҳозирги кунда эса янги бино қурилиши натижасида бу муаммолар тубдан бартараф этилди.

Яратилган янги имкониятлар ўқувчиларга замонавий билимларни эгаллаш, IT соҳасини ўрганиш, чет тилларини пухта ўзлаштириш учун кенг йўл очмоқда. Таълимдаги бу ўзгаришлар нафақат билим сифати, балки ўқувчиларнинг келажакда рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилади.

Беруний туманида қурилган ушбу янги мактаб биноси Президентимиз томонидан таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалий ифодаси бўлиб, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги яна бир қадамдир.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги