Тўловлар қарздорлигига оид ижро иши соддалаштирилган тартибда ижро этилади

97

Парламент қуйи палатаси мажлисида “Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 431-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур лойиҳа бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаров маълумот берди:

— Маълумки, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибида ундирувни қарздорнинг мол-мулкига (бундан пул маблағлари мустасно) қаратмаган ҳамда қарздорга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлламаган ҳолда амалга оширилади. 2023 йилда 2 миллион, 2024 йилда 2,4 миллион, 2025 йилнинг ўтган даврида 1,4 миллионта ижро ҳужжатлари мажбурлов механизмидан фойдаланмаган ҳолда таъминланишига эришилган. Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби бюронинг туман ва шаҳар бўлимларида иш юкламасини 30 фоизгача камайтириш имконини берди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан соддалаштирилган тартибда ижро этиладиган ижро ишлари тоифаси кенгайтирилмоқда. Хусусан, видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар ҳамда кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлар бўйича қарздорликларни, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги ижро ҳужжатларини соддалаштирилган тартибда ижро этиш назарда тутилмоқда. Яъни, юқорида қайд этилган ишлар бўйича қарздорликларни ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари келиб тушганда, ундирув қарздорнинг яшаш жойига ёки мол-мулки жойлашган жойга бормасдан, тақиқ ва чекловларни қўлламасдан амалга оширилади.

Ушбу қонун лойиҳаси ундирув самарадорлигини оширишга, мураккаб бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича қарздорларнинг яшаш жойига бориб, уларни ортиқча безовта қилиш ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек, қарздорга нисбатан тақиқ ва чекловларни қўлламаган ҳолда ундирувни амалга оширишга имконият яратади, — деди Ш.Ҳайдаров.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

Аслиддин Алижонов (сурат),

ЎзА