Ўзбекистон ва Венгрия хавфсизлик соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

104

Жорий йилнинг 16-19 июль кунлари Ўзбекистон ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Венгрияда бўлди.

Сафар давомида юртимиз вакиллари Венгрия ички ишлар вазири Шандор Пинтер билан музокаралар ўтказди. Томонлар ички ва рақамли хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик, кибер таҳдидларга қарши кураш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш каби истиқболли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ўзаро манфаатли эканлигини тасдиқлади.

Шунингдек, учрашув давомида терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, миграция жараёнларини тартибга солиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Венгрия томони Ўзбекистон фуқароларига нисбатан таъминланган хавфсизлик даражасига ижобий баҳо бериб, шерикликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Аниқ лойиҳалар ва муҳим йўналишлар бўйича тадбирларни амалга оширишни кўзда тутувчи 2025-2026 йилларга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик “Йўл харитаси” имзоланди. Мулоқот чоғида вазир А.Тошпўлатов Венгриялик ҳамкасбини Ўзбекистонга таклиф қилди.

Умуман олганда, мазкур воқеа Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида ички хавфсизлик ва жамоатчилик тартибини таъминлаш ҳамда стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин.

А.Алимова тайёрлади, ЎзА