Ислоҳотлар самараси: Ўзбекистон автомобиль ва транспорт харитасига назар

Ўзбекистон транспорт тизими сўнгги йилларда кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар босқичига кириб борди. Йўл инфратузилмасининг модернизацияси, экологик жамоат транспортига ўтиш, автомобиллар сонининг кескин ортиши, электромобиллар улуши ва халқаро логистика йўналишларининг фаоллашуви – буларнинг барчаси мамлакат транспорт тизимининг янги босқичига ўтаётганини кўрсатмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг бошида Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли автомобиллар сони 4 миллион 522,1 мингтани ташкил этди. Бу сўнгги йилларда автотранспорт воситаларига талаб ортганини яққол намоён қилади.
Автотранспорт воситаларининг таркиби қуйидагича:
Енгил автомобиллар – 4 миллион 207,6 минг дона;
Юк автомобиллари – 293,3 минг дона;
Микроавтобуслар – 7,7 минг дона;
Махсус техникалар – 7,4 минг дона;
Автобуслар – 6,1 минг дона.
Йилнинг дастлабки уч ойида автомобиллар сони 79,8 мингтага ошгани автомобилсозлик, импорт имкониятлари ва аҳоли турмуш даражасининг ортаётганидан дарак беради. Бу эса ўз навбатида йўл инфратузилмасига, ёқилғи сарф-харажатлари ва экологик омилларга сезиларли таъсир ўтказади.

2025 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 65,2 минг дона электромобиль рўйхатга олинган. Бу рақам транспорт ислоҳотларининг экологик барқарорлик тамойилларига асосланаётганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида энг кўп электромобиль Тошкент шаҳрида қайд этилган – 49 минг 736 дона. Бу пойтахт инфратузилмасининг электромобиллар учун мослаштирилаётганини англатади. Ундан кейинги ўринларда Тошкент вилояти – 4 512 дона, Самарқанд – 1 739, Хоразм – 1 415, Фарғона – 1 376 вилоятлари турибди.
Электромобиллар сонининг ошиши билан қувватлаш станцияларига эҳтиёж ортмоқда. Шунга монанд, мамлакатда электромобиль қувватлаш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Йирик шаҳарлар, хусусан Тошкентда электробуслар сони ортмоқда. Бу эса экологик муҳитга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Автобусларда нақд пул қабул қилиш бекор қилинганидан кейин 1 январдан 10 январгача (2024 йил 1–10 январга нисбатан) автобусларда кунлик қайд этилган йўловчилар оқими 43,5 фоизга – 871 минг кишидан 1,19 миллион кишига ошган, даромад эса 36 фоизга ўсган – 8,5 миллиарддан 11,5 миллиард сўмга. Бундан ташқари, сўнгги икки йил ичида бекатларда кутиш вақти икки баробар қисқарган – 22 дақиқадан 10–12 дақиқагача.
Ҳозирги кунда нафақат пойтахт Тошкентда, балки бошқа шаҳар ва туманларда ҳам замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Бу эса йўловчилар қулайлиги ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини кўрсатиб беради.
Жумладан, Олмалиқ шаҳрининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режасига мувофиқ, “Оlmaliq Тrans Service” МЧЖ томонидан 26 та замонавий Yutong автобуси олиб келинди. Улар 5-сонли “5/3-кичик ноҳия – Калмакир бошқармаси” ва 7-сонли “Калмакир бошқармаси – Аммофос-Махам AЖ” йўналишларида аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади. Умумий режа асосида, шаҳарда 7 та йўналишда жами 95 та автобус ҳаракатланиши белгиланган бўлиб, бу жараён босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
“Ҳумоюн” корхонаси томонидан Қашқадарё вилоятига олиб келинган 20 та AsiaStar автобуси “Шаҳрисабз автовокзали – Китоб шифохонаси” йўналишида ҳаракатлана бошлади. Йўналишнинг умумий масофаси 15,7 км бўлиб, автобуслар кунига 20 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатади.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида транспорт соҳасига юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида навбатдаги муҳим қадам ташланди.
Транспорт университети делегацияси Хитойнинг ҚС рейтингида ТОП-300 таликка кирган Тианжин университети ва Тианжин денгизчилик коллежи билан “3+1” қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.
Унга кўра, талабалар 3 йил Тошкентда, 1 йил Тианжинда таҳсил олади. Фаол ёшлар Хитойдаги магистратурага грант асосида ўқишга кириш имконига эга бўлади. Ҳамкорлик доирасида ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, илмий тадқиқотлар ҳамда қўшма лабораториялар ташкил этилиши режалаштирилган.
Мазкур дастур транспорт таълимини халқаро даражага олиб чиқишда муҳим босқич бўлади.
Ўзбекистон автомобиль саноати ва автомобиль бозоридаги ислоҳотлар натижасида 2025 йил бошида енгил автомобиллар бирламчи бозорида барқарор ижобий ўсиш кузатилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилий ҳисоботида маълумот берилган.
Маълумотларга кўра, 2025 йил январь ойида Ўзбекистонда янги енгил автомобиллар савдоси 78,6 минг донага етди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг декабрига нисбатан 9,5 фоизга юқори. Ҳудудлар кесимида эса энг катта ўсиш Сурхондарё вилоятида – 27 фоиз, Андижонда – 25 фоиз ва Наманганда – 24 фоиз қайд этилди.
Янги автомобиллар савдосининг 18,5 фоизга ўсишига қарамай, йил якунига нисбатан ушбу сегментда 15 фоизлик пасайиш қайд этилган. Маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси эса январь ойида 21,7 минг донани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 3,3 минг донага кўпдир.
Хориждан келтирилган янги ва фойдаланилган автомобиллар савдоси 21 фоизга ошган бўлиб, бу 4,9 минг дона автомобилни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоизлик ўсишни англатади.
Йил бошида электромобиллар савдосида сезиларли ўсиш кузатилди. Хусусан, янги электромобиллар бозори 24 фоизга ўсиб, 5,5 минг донага етган. Фойдаланилган электромобиллар савдоси эса 3,1 баробар кўпайган. Бу эса аҳолининг экологик транспорт воситаларига бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан дарак беради.
Иккиламчи автомобиль бозори ҳам фаоллашмоқда. Январь ойида фойдаланилган автомобиллар бозори 52 мингтани ташкил этди. Бу ўтган ойга нисбатан 5,4 фоизга юқори. Бу эса автомобиль бозори иштирокчилари орасида талабнинг барқарор шаклланаётганини кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда автомобиль саноатида олиб борилаётган ислоҳотлар, солиқ имтиёзлари ва импорт тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши автомобиль бозорининг жонланишига хизмат қилмоқда. Айниқса, электромобиллар сегментида талаб ортиб бораётгани ушбу соҳанинг истиқболли йўналишлардан бири эканини кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда транспорт тизими соҳасидаги ислоҳотлар нафақат ҳаракатланиш қулайлигини ошириш, балки иқтисодий самарадорлик, экологик хавфсизлик ва халқаро интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда. Автомобиллар сонининг ошиши ва электромобиллар улушининг кўпайиши эса ислоҳотларнинг аҳолининг эҳтиёжларига жавоб бераётганидан далолат.
Дилдора ДЎСМАТОВА
УзА