Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индексининг мўътадил камайиши кузатилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси 2025 йил июнь ойида 984 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 1,6 фоизга камайган ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 29,1 фоизга сезиларли ортган.
2025 йилнинг июнь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 1,6 фоизга камайиб, 984 бирликни ташкил этиши, қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган:
– хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб варақаларидаги операциялар сони 2,1 фоизга камайган;
– товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 1,7 фоизга камайган;
– фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 0,9 фоизга ортган;
– товар белгилари бўйича компонент 14,1 фоизга камайган.
2025 йил июнь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси 9 та ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган. Жумладан, Қашқадарё (43,8 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (41,9 фоиз), Андижон (41,4 фоиз) ва Наманган вилоятларида (37,0 фоиз) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.
Бироқ Ишбилармонлик фаоллиги индекси Сирдарё (7,2 фоиз), Жиззах (4,9 фоиз) ва Бухоро (4,4 фоиз) вилоятларида сезиларли камайган.
2025 йил июнь ойида банклараро тўлов операциялари сони 6 309,4 минг тани ташкил этди ва 2025 йилнинг май ойига нисбатан 135,8 минг транзакцияга (2,1 фоиз) камайган.
2025 йил июнь ойида республиканинг 9 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан камайган. Хусусан, Жиззах (7,3 фоиз), Наманган (4,2 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (3,9 фоиз) ва Тошкент (2,8 фоиз) шаҳрида сезиларли камайиш кузатилган.
2025 йилнинг июнь ойида ИФИнинг биржа компоненти 0,9833 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 1,7 фоизга камайганини англатиб, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 3,8 фоизга ортгани ва тузилган битимлар сони 7,2 фоизга камайгани билан изоҳланади.
Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2025 йил июнь ойида 6 474,7 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 21,9 фоизга камайган.
Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2025 йил июнь ойида 1,0088 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,9 фоизга ортган.
2025 йил июнь ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони ўтган ойга (481 734 бирлик) нисбатан 7 866 бирликка ортиб, 489 600 бирликни ташкил этган.
Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 385 654 тадан 393 359 тага ортган (ўсиш 7 705 та). Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 92 090 тадан 92 292 тагача (+202 та) ошган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 3 949 тани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 41 тага камайган.
2025 йил июнь ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича индекс 0,8587 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 14,1 фоизга камайган. 2025 йилнинг июнь ойида юридик шахслар томонидан 310 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА