Қўнғирот-Қашқадарё: Болалар дам олиш марказига йўл олди
Қўнғиротлик 200 нафар ёш Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида жойлашган «Шўртан қалдирғочи» соғломлаштириш марказига дам олиш учун йўл олди.
Болаларни кузатиш маросимида ота-оналар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими Б.Мадаминов сўзга чиқиб, болаларга яхши дам олишларини, янги дўстлар орттиришларини ва ҳар бир кундан унумли фойдаланиб завқ олишларини тилади.

Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикасидаги Нукус шаҳри ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Тошкент шаҳри ва вилоятлар бириктирилган.
Ушбу топшириққа асосан Қашқадарё вилояти Қўнғирот туманига бириктирилиб, вилоят томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан қўнғиротлик ёшларни ҳар йили вилоятдаги болалар оромгоҳларига юбориш орқали болаларни ҳар томонлама ривожлантириш мақсад қилинган.

Дам олиш масканида турли тўгараклар ташкил этилган бўлиб, спорт мусобақалари, экскурсиялар ва маданий тадбирлар орқали болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши режалаштирилган.
Шундан сўнг туман маданият бўлими томонидан қувноқ қўшиқлар ижро этилиб, тадбирга байрамона кайфият бағишлади.



Қўнғиротлик болалар Қашқадарё вилоятидаги дам олиш масканида муносиб кутиб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.