Янгиланаётган дунёда журналистлар қандай ишлаши керак?

104

Бу саволга Шуша медиа форумида жавоб изланди.

Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида 19-21 июль кунлари «Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект даврида ахборот ва оммавий ахборот воситаларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш» мавзусида 3-глобал медиа форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатидан келган 200 нафарга яқин ОАВ вакиллари, ахборот агентликлари ва телерадио каналлари раҳбарлари, таниқли журналистлар, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар ходимлари иштирок этди.

Форумнинг биринчи кунида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Мулоқотда Илҳом Алиев асрлар мобайнида баҳсли ҳудуд бўлиб келган Қорабоғда Озарбайжон ҳукуматининг ташаббуси билан кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, ҳудудда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, аҳолининг кайфияти, режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида гапириб, вазиятдан мамнунлигини билдирди. Озарбайжон халқининг азалий орзуси ушалиб, Қорабоғ Озарбайжон ҳудудининг ажралмас қисмига айлангани, бу ота-боболарнинг армони бўлганини таъкидлади.

Президент журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, жаҳон сиёсатининг ўткир мавзулари, жумладан, Россия-Украина уруши, Озарбайжон ва Россия муносабатларига тўхталиб, ўз мулоҳазаларини билдирди. У Озарбайжоннинг Ўзбекистон билан алоқаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, шу йил июль ойи бошида Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи давомида келишилган лойиҳалар, ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўзлаб берди. Урғулаш керакки, қарийб уч соат давом этган мулоқот жуда самимий, очиқ руҳда ўтди.

Медиа форумнинг иккинчи куни оммавий ахборот воситаларининг долзарб масалаларга бағишланган панел муҳокамалари билан бошланди. Таркиби дунёга таниқли журналистлар, ОАВ раҳбарлари ва вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи бугунги кунда ОАВнинг жамиятдаги роли, энг муҳим тенденциялари, ривожланиш истиқболлари тўғрисида фикр алмашди.

«АЗЕРТАДЖ» ахборот агентлиги ташкил этилганининг 105 йиллиги муносабати билан «Ҳамкорликнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Дунёнинг турли қитъаларидан келган иштирокчилар ахборот агентликлари олдида турган замонавий муаммолар ва уларнинг ривожланишига технологияларнинг таъсири мавзуларини ўзаро муҳокама қилди.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларнинг дезинформация тарқалишидаги ўрни, фойдаланувчиларнинг хулқ-атвори, сунъий интеллектнинг контент оқимига таъсири, ижтимоий тармоқларда медиа саводхонлик, рақамли платформалар учун ахлоқий маъёрларни белгилаш ва жамоатчилик ишончини, шунингдек, ОАВга ишончни сақлаб қолиш муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирнинг учинчи кунида ҳам панел муҳокамалари ташкил этилди. Экспертлар ва спикерлар рақамли технологиялар шароитида медиа саводхонлик, медиа саводхонлик – хавфсизликнинг кафолати, ижтимоий медиа эволюциясининг жамоатчилик ишончига таъсири каби мавзуларда баҳс-мунозарага киришди. Залдагиларнинг фаол аралашуви натижасида панел сессиялари чин маънода журналистика бўйича маҳорат сабоқларига айланди.

Шу куни Озарбайжон давлат ахборот агентлиги(АЗЕРТАДЖ) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги(ЎзА) ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумини имзолаш тадбири ҳам ўтказилди.

Қорабоғ иқтисодий зонасидаги Шуша шаҳри ва Лочин туманидаги маданий иншоотлар ва тарихий биноларга экскурсия ташкил этилди.

Шуша медиа форуми дезинформацияга қарши курашиш, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, медиа саводхонликни ўрганишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Абдужалол Тайпатов, ЎзА мухбири  

Озарбайжон Шуша – Тошкент.