«Маҳалла еттилиги» фаолиятлари ўрганилди

111

Юртимизда маҳалла институтини ривожлантириш, жойлардаги ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда турли амалий семинарлар, тажриба алмашув тадбирлари йўлга қўйилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири яқинда Амударё туманида бўлиб ўтди.

Барча туман маҳаллалар уюшмалари раҳбарлари иштирок этган мазкур семинар маҳалладаги «еттилик» фаолиятини такомиллаштириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалий кўникмалар билан ўртоқлашиш мақсадида ташкил этилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раҳбари С.Турманов бошчилигидаги вакиллар тадбирда иштирок этди. Семинар доирасида қатнашчилар Жайҳун, Чойкўл ва Бойовул маҳаллаларига ташриф буюриб, у ерда “маҳалла еттилиги” таркибидаги мутасаддилар учун яратилган шароитлар билан танишиш имконига эга бўлишди.

Маҳаллаларда фуқаролар билан доимий мулоқот йўлга қўйилгани, ёшларни иш билан таъминлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Делегация аъзолари Маҳаллалар уюшмасининг туман бўлими фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Улар иш жараёнида фойдаланилаётган замонавий ускуналар ва рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратишди.

Бундай учрашувлар орқали ҳар бир ҳудуддаги муаммолар чуқур таҳлил қилиниши, амалий ечимлар ишлаб чиқилиши ва энг самарали тажрибалар умумлаштирилиши мумкинлиги таъкидланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги