Жаҳон кураш юлдузлари Парижда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун беллашади

129

Халқаро кураш ассоциацияси тақвимидаги муҳим тадбирлардан бири — Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирга саноқли кунлар қолмоқда.

Жорий йилнинг 21–23 июль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида миллий спортимиз кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир бўлиб ўтади.

Дунё маданияти ва санъатининг бешиги саналадиган Париж шаҳридаги Эйфел минораси ёнида ташкил этиладиган мазкур нуфузли мусобақада 20 дан ортиқ давлатнинг 100 нафарга яқин энг кучли курашчилари иштирок этиш учун талабномаларни тақдим этган.

Мазкур нуфузли турнирда вакилларимиздан бир неча бор жаҳон ва қитъа чемпионлигига эришган, Осиё ўйинлари ғолиби Муҳсин Ҳисомиддинов, Шерали Жўраев, Отабек Тўрабоев сингари тажрибали спортчиларимиз билан бир қаторда, ёш курашчилар ҳам гиламга чиқишга ҳозирлик кўрмоқда.

Бугун, 21 июль куни мусобақа олдидан ҳакамлар, техник комиссия ва ташкилий қўмита йиғилишлари ўтказилмоқда.

Эртага, 22 июль куни турнир дастурига мувофиқ, Парижнинг қоқ марказида спорт ва маданият байрами уюштирилиб, унда ўзбек санъати, ҳунармандчилиги ва миллий таомлари, жозибали куй-қўшиқлар кенг жамоатчиликка намойиш этилади.

Кун давомида кураш бўйича мукофот жамғармаси 30 минг евродан иборат Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун беллашувлар бўлиб ўтади.

Т.Рўзиев,

ЎзА